Мирзиёев Афғонистоннинг террорчилар маконига айланишига йўл қўймасликка чақирди
Жамият
−
12 Ноябрь 2021
4738Афғонистоннинг халқаро майдонда яккаланиб қолишига ва террорчилар маконига айланишига йўл қўймаслик керак. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Истанбул яқинидаги "Демократия ва эркинлик" оролида ўтаётган Туркий кенгаш саммитидаги нутқида айтиб ўтди.
“Афғонистондаги ҳозирги мураккаб вазият барчамизнинг эътиборимиз марказида турибди.
Ушбу мамлакатнинг гуманитар инқирозга тушиб, халқаро майдонда яккаланиб қолишига, унинг террорчилар маконига айланишига йўл қўймаслик ниҳоятда долзарбдир”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон раҳбари Афғонистоннинг янги Ҳукумати билан мулоқотларда туркий тилли давлатлар ёндашуви умумий ва якдил бўлиши кераклигини урғулаган.
Қайд этиш керакки, айни вақтда Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан, Турманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов саммитда иштирок этиш учун Истанбулга етиб келган.
Саммит Истанбулнинг Мармара денгизи ўртасидаги “Демократия ва эркинлик” оролида бўлиб ўтади. Давлат раҳбарлари тушга яқин ушбу оролга етиб келадилар ва Фатин Рушту Зўрлу номидаги масжидда жума намозини адо этадилар.
Соббиқ Ясси орол, ҳозирги Демократия ва эркинлик ороли Туркия тарихида муҳим аҳамиятга эга. Оролда 1950 йиллан 1960 йилгача мамлакатни бошқарган Президент Жалол Баяр, Бош вазир Аднан Мендерес, Ташқи ишлар вазири Фатин Рушту Зўрлу, Молия вазири Ҳасан Пўлаткан суд қилинган. Улар 1960 йилнинг 27 май куни ҳарбийлар томонидан амалга оширилган давлат тўнтаришидан сўнг, ушбу оролга олиб келинган ва то 1961 йилнинг сентябрь ойигача шу ерда сақланган.
Бош вазир Аднан Мендересга ҳокимият ваколатларини суиистеъмол қилиш, давлат маблағини ўзлаштириш каби моддалар билан айблов эълон қилинган. Бироқ, ушбу айбловларнинг бирортаси ўз исботини топмаган.
Суд 1961 йилнинг сентябрь ойида собиқ Президент Жалол Баярни бир умрлик қамоқ жазосига, Бош вазир Аднан Мендерес, Ташқи ишлар вазири Фатин Рушту Зўрлу ва Молия вазири Ҳасан Пўлатканни ўлим жазосига ҳукм этади.
Бош вазир ва унинг тарафдорлари судланган Ясси оролдаги қонли ва қоронғу тарих 2019 йил Президент Ражаб Тойиб Эрдўған тарафидан тикланди ва ўша вақтда айбланганлар номи оқланди. Оролга Демократия ва мустақиллик номи берилди. Унинг ҳар бир бурчаги 1960 йилда рўй берган тўнтариш ва Аднан Мендерес фаолиятини ёдга солади.
Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар раҳбарлари саммити ҳам айнан ушбу оролда ўтказилиши алоҳида аҳамият касб этади.
LiveБарчаси