Мирзиёев БАА вазирига cунъий интеллект бўйича таклиф берди

Олам

image

Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 14 январь куни Абу-Даби шаҳрига ташрифнинг ишбилармонлик тадбирлари доирасида Бирлашган Араб Амирликлари Сунъий интеллект вазири Умар бин Султон ал-Олама билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда Presight компанияси раҳбари Томас Прамотедам, AIQ компанияси раҳбари Магжан Кенесбай ва Кҳазна компанияси раҳбари Ҳасан ал-Нақби, Муҳаммад бин Зоид номидаги Сунъий интеллект университети президенти Эрик Синг ҳам иштирок этди.

Учрашувда Амирлик компаниялари билан илғор технологияларни ривожлантириш ва уларни турли соҳаларга муваффақиятли жорий этишга қаратилган стратегик шерикликни кенгайтириш йўллари кўриб чиқилди.

Генератив сунъий интеллектни ишлаб чиқиш, шу жумладан энергетика соҳасида “катта тил моделлари”ни қўллаш, Тошкентда йирик маълумотларни қайта ишлаш марказини ташкил этиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди.

Муҳаммад бин Зоид номидаги Сунъий интеллект университети билан алмашинувларни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Президент талабаларни ўқитиш дастурини ишга тушириб, бу соҳада юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилишни таклиф этди.

Илмий-тадқиқот лабораторияларини биргаликда ишга тушириш, технологик кластерлар ташкил этиш ва контактсиз тўлов операциялари учун инновацион ечимларни жорий этиш режалари муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 14 январь куни Бирлашган Араб Амирликлари пойтахтида ўтаётган “Абу-Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги” саммитида нутқ сўзлаганди. Давлат раҳбари унда Марказий Осиёни “тоза энергия” марказларидан бирига айлантириш ниятидалигини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев БАА Абу-Даби

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг