“Миллий тикланиш” мухолифат партияга айланиши мумкин
Жамият
−
06 Январь 2020
9645Кеча, 5 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига ўтказилган такрорий овоз бериш натижалари бугун, 6 январь куни эълон қилингани ҳақида хабар берган эдик. “Миллий тикланиш” партияси раҳбари Алишер Қодиров депутатликка сайланганига қарамай, такрорий овоз бериш натижаларидан қониқмаганини айтиб чиқди.
“Иккинчи тур натижалари ЎзМТДП учун мутлақо қониқарсиз! Бу муваффақиятсизликнинг сабабларини, албатта, батафсил таҳлил қиламиз ва тегишли хулосалар чиқарилади.
Умумий натижа бўйича Парламентдаги ўрнимизни сақлаб қолдик. Бу дастуримизда белгиланган вазифаларни ташаббус қилиш учун етарли, лекин амалга ошириш учун кам!”
У сўзида давом этаркан, мавжуд парламент билан келишувга эришса, иттифоқ сифатида фаолият давом эттиришини, йўқса мухолифатга айланишини маълум қилди. Жумладан у шундай дейди:
“Келиша олсак иттифоқ, аксинча, мухолифат”.
Эслатиб ўтамиз, такрорий сайлов натижаларига кўра, Қонунчилик палатасидаги ўринлар қуйидагича тақсимланди:
- Ўзбекистон Либерал демократик партияси - 53 нафар (35 фоиз);
- “Миллий тикланиш” демократик партияси - 36 нафар (24 фоиз);
- “Адолат” Социал-демократик партияси - 24 нафар (16 фоиз);
- Халқ демократик партияси - 22 нафар (15 фоиз);
- Экологик партия - 15 нафар (10 фоиз).
“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасига мувофиқ, Бош вазир номзодини кўрсатиш ҳуқуқига Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси эга бўлди.
LiveБарчаси