Мигрантлар диққатига! Хорижда пулсиз қолган фуқароларга давлат ёрдам кўрсатади
Жамият
−
12 Апрель 2021
6801Ўзбекистон Ҳукумати қарори билан “Ўзбекистон фуқароларига хорижий давлат ҳудудида яшаш учун маблағларсиз қолган тақдирда, молиявий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram’даги “Huquqiy axborot” канали хабар берди.
Низомга кўра, консуллик округи ҳудудига вақтинча кирган фуқаро яшаш учун маблағларсиз қолганда, муассасага молиявий ёрдам сўраб мурожаат қилиши мумкин.
Консуллик округи – хориждаги муассаса иш олиб борадиган ҳудуд, у бир нечта давлат ҳудудини ўз ичига олиши мумкин.
Муассаса 2 иш кунида фуқародан ариза ва бошқа ҳужжатларни қабул қилади, аризадаги келтирилган асослар тўғрилигини текширади, унинг хорижда бўлиш шароитларини аниқлайди (сафар мақсади, виза, яшаш шароити).
Ҳужжатларни ўрганиш асосида молиявий ёрдам кўрсатишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулоса тайёрлайди ва уни Ташқи ишлар вазирлигига тасдиқлаш учун юборади.
Вазирлик 1 иш кунида фуқарога ёрдам кўрсатишга оид ҳужжатларни ва хулосани кўриб чиқади ҳамда молиявий ёрдам кўрсатиш ёки рад этиш тўғрисида хат юборади.
Хат олганидан сўнг 1 иш кунида муассаса фуқаро билан қарз шартномасини тузади. Озиқ-овқат маҳсулотлари, турар жой, кийим-кечак ва транспорт харажатлари учун тўлов ўтказади.
Ариза рад қилинганда консуллик мансабдор шахси ариза берувчига рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда хабарнома юборади.
Қарз олган фуқаро 30 кунда Республика бюджетига қарзни қайтаради.
LiveБарчаси