МИБ ходимини пичоқлаган зўравонга жиноий иш қўзғатилди
3-саҳифа
−
17 Январь 2022
3439Хабарингиз бор, Андижон вилояти Асака туманида фуқаро Мажбурий ижро бюроси ходимини ҳақорат қилиб, унга пичоқ билан жароҳат етказганди. Ушбу фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро судининг 2021 йилнинг 21 октябридаги ижро варақасига кўра, Асака тумани Нажмиддин Кубро кўчасида жойлашган автошоҳбекатнинг йўловчилар учун мўлжалланган кутиш ҳудудида қарздор А.Ж томонидан ўзбошимчалик билан қуриб олинган савдо дўкони қурилмаси унинг ҳисобидан мажбурий тартибда буздирилиши белгиланган.
Мазкур суд қарори ижроси бўйича бюронинг Асака туман бўлими давлат ижрочиси Х.Меҳмонов томонидан 20 ноябрь куни ижро иши юритиш учун қўзғатилиб, суд ҳужжати талабини бажариш ҳақида қарздор бир неча бор огоҳлантирилишига қарамасдан, қонуний талабларни бажармаган. 22 декабрь куни ўтказилган мажбурий ижро ҳаракатларида А.Ж. иштирок этмагани сабаб бошқа кунга қолдирилган.
Суд қарори ижросини ихтиёрий бажармаганлиги учун 2021 йилнинг 25 декабрь куни А.Ж.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 198-1-моддаси (қарздорнинг ижро ҳужжатини ижро этмаслиги)га асосан 540 минг сўм жарима жазоси тайинланган.
Жорий йилнинг 11 январида ноқонуний қурилмани бузиш учун ваколатли идоралар вакиллари иштирокида мажбурий ижро ҳаракатлари ўтказилган. Ижро ҳаракатлари давомида қарздорнинг ўғли С.Ж. дўконда бўлган ошхона пичоғи билан тарафларни қўрқитиб, давлат ижрочиси Х.Меҳмоновга тан жароҳати етказган. Оқибатда мажбурий ижро ҳаракатлари бошқа кунга қолдирилган.
Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Гумонланувчи процессуал тартибда ушланган.
Маълумот ўрнида, Жиноят кодексининг 219-моддасига кўра, қаршилик кўрсатиш, яъни хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга фаол қаршилик кўрсатиш жинояти содир қилган шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
LiveБарчаси