“Mediapark” савдо мажмуаси сотувчисининг онасида коронавирус аниқланди

Жамият

image

Шайхонтоҳур туманидаги “Mediapark” савдо мажмуаси сотувчисининг онасида коронавирус аниқланган. Бу ҳақда бугун, 11 июнь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

"Афсуски, аҳоли орасида коронавирус инфекцияси қайд этилиш ҳолатлари ҳамон давом этмоқда. Бунга, аввало, одамларимизнинг ҳотиржамликка берилиб, карантин қоидаларига қатъий риоя этишмаётгани сабаб бўлмоқда. Вазият шуни кўрсатмоқдаки, қайси тоифадаги ҳудуд бўлишидан қатъий назар, ён-атрофингизда коронавирус юқтириб олиш хавфи эҳтимоли юқори", дейилади вазирлик хабарида.

Қайд этилишича, сўнгги уч кун давомида, жумладан, 8 июнь куни касаллик қайд этилган жами 109 нафар беморнинг 66 нафари, 9 июнь куни коронавирус аниқланган жами 80 нафар беморнинг 25 нафари ҳамда 10 июнь куни санасида коронавирус инфекцияси тасдиқланган 103 нафар беморнинг 27 нафари аҳоли орасида аниқланган.

10 июндаги ҳолатни ҳудудлар кесимида кўрадиган бўлса, 11 нафари Тошкент вилоятидан, 7 нафари Тошкент шаҳридан, 3 нафари Сирдарё вилоятидан, Самарқанд ва Бухоро вилоятларидан 2 нафардан, 1 нафари эса Қашқадарё вилоятидан.

Мисол учун, Тошкент шаҳрида тана ҳарорати кўтарилиб, уй шароитида даволанган фуқарода, Юнусобод туман давлат солиқ инспекциясининг 2 нафар инспекторида, Шайхонтоҳур туманидаги “Mediapark” савдо мажмуаси сотувчисининг онасида коронавирус аниқланган.

Бундан ташқари, Тошкент вилоятида яшовчи, Юнусобод бозорида зираворлар савдоси билан шуғулланадиган фуқаронинг 2 нафар оила аъзосида, Бекобод ва Тошкент туманларида яшовчи 2 нафар фуқаро ҳамда Тошкент туманидаги “Американ госпитал” хусусий клиникаси кичик тиббиёт ходимида ҳам касаллик тасдиқланган.

Шунингдек, коронавирус инфекцияси аниқланган Сирдарё вилояти Ички ишлар ходимининг қўшниси ва у билан мулоқотда бўлган 2 нафар тикувчилик цехи ходимларида, Самарқанд вилояти “Мароқанд” ДУКнинг 2 нафар ходими ҳам коронавирусга чалингани маълум бўлди.

Бугун айни пайтга қадар касаллиги аниқланган 72 нафар беморнинг 20 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида аниқланган бўлса, қолган 52 нафари аҳоли орасида қайд этилмоқда. Жумладан, Қашқадарё вилояти Муборак туманида фаолият кўрсатувчи хорижий корхонанинг бир йўла 28 нафар ходимида, Тошкент шаҳри Юнусобод бозорининг яна 2 нафар сотувчисида коронавирус инфекцияси тасдиқланди.

"Гувоҳи бўлганингиздек, коронавирус инфекцияси юртимизнинг исталган ҳудудида пайдо бўлиши, жинси ва миллатидан қатъий назар ҳар қандай касбдаги фуқарода қайд этилиши мумкин. Бизнинг ҳудудда касаллик кўрсаткичи паст ёки аниқланмади, дея бир зум бўлса-да, хушёрликни йўқотсангиз, кутилмаганда коронавирусни юқтириб олишингиз ва яқинларингиз соғлигини хавф остида қолдиришингиз ҳеч гап эмас. Ҳар биримиз кўчага чиқиш, мулоқотга киришиш орқали касалланиш эҳтимоли борлигини унутмаслигимиз керак.

Минг афсуски, аҳоли орасида бу каби тавсияларга панжа орасидан қараётган, бефарқ муносабатда бўлаётган фуқаролар ҳам учраб турибди. Айни хавотирли вазиятдан келиб чиққан ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлиги , яна бир бор, фуқароларимизни огоҳлантиради: вазият мураккаблашиб бораётганини билиб турибсиз. Уни ижобий ёки салбий томонга ўзгартириш ҳар биримизнинг ҳаракатимизга боғлиқ эканини унутманг.

Шунинг учун заруратсиз кўчага чиқманг, одамлар кўп тўпланадиган жамоат жойига боришдан вақтинчалик тийилинг, ижтимоий масофа сақланг, қўлларни яхшилаб қайта-қайта ювинг, кўчага чиққанда ниқоб тақишни асло унутманг, ва умуман, карантин ва санитария қоидаларига сўзсиз риоя этинг.

Ўзингизда касаллик белгиларини сезсангиз зудлик билан шифокорга мурожаат этинг", дейилади вазирлик хабарида.

Аввалроқ, Тошкентнинг “қизил” тоифадаги маҳаллалари рўйхати эълон қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекимтонда

Баҳолаганлар

50

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар