Меҳмонхоналар бўйича Ҳукумат қарори қабул қилинди. Инвесторларга субсидия ажратиш тартиби белгиланди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Меҳмонхона хўжалиги фаолиятини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.

Мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида туризмни жадал ривожлантириш учун қулай иқтисодий ва ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, туризм инфратузилмасини янада ривожлантириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган устувор вазифаларнинг, шунингдек, 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш Концепцияси ижросини таъминлаш доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Меҳмонхона хўжалиги фаолиятини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 27 майдаги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор тадбиркорлик субъектлари томонидан меҳмонхоналар қурилишини рағбатлантириш, туризм соҳасида инвестициявий лойиҳаларни амалга оширилишини жадаллаштириш, таниқли ва нуфузли халқаро меҳмонхона брендларини мамлакатга фаол жалб этиш, республикадага умумий меҳмонхона хоналари сонини оширишга қаратилган вазифларни ҳуқуқий тартибга солади.

Хусусан, қарорда янги меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш учун инвесторларга субсидия ажратиш ҳамда ташкилотларни франчайзинг тўғрисидаги шартнома асосида қисман молиялаштириш учун Давлат бюджетидан маблағ ажратиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди.

Низом мувофиқ талабгорлар (тадбиркорлар) учун Давлат бюджетидан компенсация миқдори қуйидаги ҳажмларда ўрнатилган:

а) янги меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш учун келгуси йил Давлат бюджети параметрларини тасдиқлаш жараёнида ушбу миқдорни ҳар йили индексация қилган ҳолда:

•    камида 3 юлдузли тоифага эга меҳмонхоналардаги ҳар бир хона учун 40 млн сўм;
•    камида 4 юлдузли тоифага эга меҳмонхоналардаги ҳар бир хона учун 65 млн сўм;
•    Бунда молиялаштириш республика бўйича умумий меҳмонхона хоналари сонини 50 мингга етгунига қадар амалга оширилади.

б) дунёнинг таниқли ва нуфузли меҳмонхона брендларидан (“Brand Finance” рейтнгидаги ТОП-50 га кирувчи меҳмонхона брендлари ёки Туризмни ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан шакллантириладиган рўйхат асосида) фойдаланиш бўйича роялти франчайзинг шартномаси кучга кирган вақтдан бошлаб уч йил мобайнида қуйидаги ҳажмда Давлат бюджетидан молиялаштирилади:

•    дастлабки 50 та 3 юлдузли тоифага эга меҳмонхона – ҳар бир хонаси учун йиллик 200 АҚШ доллари эквивалентида;
•    дастлабки 30 та 4 юлдузли тоифага эга меҳмонхона – ҳар бир хонаси учун йиллик 400 АҚШ доллари эквивалентида.

Бунда роялти молиялаштирилишининг умумий ҳажми 10 миллион АҚШ долларига тенг.

Қарор билан тасдиқланган Низом асосида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Молия вазирлиги томонидан тадбиркорлик субъектларига яқиндан кўмак кўрсатиш ишлари белгиланган тартибда амалга оширилади.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

10

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг