МДҲ етакчилари кузда Тожикистонга йиғилади

Олам

image

Жорий йилнинг 10 октябрь куни Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳри Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) мамлакат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги саммитига мезбонлик қилади. Бу ҳақда МДҲ Бош котиби Сергей Лебедев маълум қилди.

Қайд этилишича, саммит Тожикистоннинг 2025 йил учун МДҲдаги раислиги доирасида ўтказилади. Саммитда МДҲга аъзо давлатлар раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда. Кун тартибида минтақавий хавфсизлик, иқтисодий ҳамкорлик, меҳнат миграцияси, соғлиқни сақлаш, енгил саноат ва оғир машинасозлик соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинади.

Аввалроқ Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ҳам 2025 йилда МДҲ доирасида хавфсизлик таҳдидларига қарши курашиш, БМТ ва бошқа минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини айтганди.
Саммит доирасида Россия ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган алоҳида учрашув ҳам режалаштирилган. Саммит натижалари МДҲ доирасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши ва минтақавий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Маълумот учун, МДҲ 1991 йил 8 декабрь куни ташкил этилган бўлиб, Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг тузилган. Дастлаб Россия, Беларусь ва Украина томонидан битим имзоланган, сўнг 21 декабрда Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида яна бир қатор давлатлар бу ташкилотга қўшилган ва шу билан МДҲ расман тузилган деб эълон қилинган.

Ҳозирги кунда МДҲга қуйидаги давлатлар аъзо – Россия, Беларусь, Арманистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон. Грузия 2008 йилда МДҲни тарк этган, Украина эса 2014 йилдан кейин фаол иштирок этмай қўйган ва 2018 йилда расман чиқишини эълон қилган.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг 25 декабрь куни Ленинград вилоятидаги “Игора” мавсумий курорт мажмуасининг муз саройида МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг саммити бўлиб ўтганди. Ушбу саммит турли нохуш воқеалар атрофида юз берганди. Масалан, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян коронавирусга топширган тест натижаси ижобий чиққани учун МДҲ саммитида иштирок этмаслигини билдирганди. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳам Қозоғистонда содир бўлган авиаҳалокат муносабати билан МДҲнинг норасмий саммитида қатнашмай Бакуга қайтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон Имомали Раҳмон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг