Мбаппе жароҳат сабаб Франция терма жамоаси лагерини тарк этди
Спорт
−
14 Ноябрь 2025 1416 2 дақиқа
“Реал Мадрид” ҳужумчиси Килиан Мбаппе ўнг тўпиғидаги яллиғланиш туфайли Франция терма жамоаси лагерини тарк этди. Энди у Озарбайжонга қарши бўладиган навбатдаги ўйинни ўтказиб юборади. Бу ҳақда Франция футбол федерацияси (ФФФ) хабар берди.
Федерация хабарига кўра, Мбаппенинг тўпиғида бир неча кундан бери ноқулайлик давом этаётган бўлган. Шу сабаб Франция футболчига клубига қайтишга рухсат берган. У Мадридга қайтгач, “Реал Мадрид” шифокорлари томонидан қўшимча тиббий текширувлардан ўтади.
Мбаппе ўзининг сўнгги ўйинида, Украинага қарши ЖЧ-2026 саралаш учрашувида дубль қайд этиб, жамоаси билан Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритган эди. Айнан ўша ўйин якунида ҳужумчи ўнг тўпиғида оғриқ сезган.
Дастлабки тиббий кўрикдан сўнг ФФФ шифокорлари Мбаппенинг ҳолатини хавф остига қўймаслик учун уни Мадридга қайтариш юзасидан қарор чиқарган. ФФФ баёнотида айтилишича, терма жамоа сафидаги яна икки футболчи Ману Коне ва “Реал Мадрид” ярим ҳимоячиси Эдуардо Камавинга ҳам жароҳатлар сабаб жамоани тарк этиб, клубларига қайтишган. Шу тариқа, Франция терма жамоаси Озарбайжонга қарши ўйинда бир қатор асосий футболчиларсиз майдонга тушади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 13 ноябрь куни Франция терма жамоаси сардори Килиан Мбаппе 2026 йилги Жаҳон чемпионати саралаш босқичида Украинага қарши баҳсда фаолиятидаги 400-голни уришга эришган эди.
Live
Барчаси