Мавсум авжида: бирдан уч вилоятда ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган фирибгарлар ушланди
Жамият
−
16 Июль 2021
3975Ҳозир Ўзбекистонда 2021-2022 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига кириш мақсадида рўйхатдан ўтиш жараёнлари қизиган палла. Бундай давр баъзи бир тор доираларда “соққа қилиш сезони”, деб ҳам аталади. Чунки ота-оналарнинг баъзилари фарзандининг университетга кириши, олий маълумотли бўлиши учун қинғир йўлларга мурожаат қилади. Бу эса кўпинча “яхши” ниятнинг фирибгарлар қўлида қурбон бўлишига олиб келади. Қуйида шундай ҳолатларнинг бир нечтасига гувоҳ бўласиз.
Сирдарё вилояти
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Сирдарё вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Х.Ж. бошқа бир фуқарони Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия университетига юқори лавозимда ишловчи таниши орқали ўқишга киритиб қўйиш эвазига 4 500 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Тошкент вилояти
Департамент ва Давлат хавфсизлик хизматининг (ДХХ) Тошкент вилоят бошқармалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Ф.Ё. бошқа бир фуқарони ўзининг ваколатли ташкилотларда ишловчи танишлари орқали Қозоғистон Республикасидаги олий таълим муассасига ўқишга киритиб, 2-курсдан Ўзбекистон Республикасидаги олийгоҳга кўчириб бериши эвазига фуқаро Ш.Х.дан фирибгарлик йўли билан 5 800 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий даллиллар билан ушланган.
Фарғона вилояти
Шу каби, Департамент ва ДХХнинг Фарғона вилоят бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Фарғона давлат университети талабалари Х.М. ва Ш.Т. олдиндан тил бириктириб, юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали фуқаро М.Б.ни ўқишини хориж университетидан Фарғона давлат университетига кўчириб бериш ҳамда икки нафар фуқарони Фарғона давлат университетининг сиртқи бўлимига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, эвазига 10 000 АҚШ долларини олган вақтларида қўлга олинган.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, Фарғона шаҳридаги “S” ўқув маркази ўқитувчиси Э.А. фуқаро М.Б.ни ўқишини хориж университетидан кўчириб бериш ҳамда икки нафар фуқарони ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, эвазига талаб қилган 8 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168–моддаси (фирибгарлик) ва 28,211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти мурожаат билан чиқди.
“Ҳурматли ота-оналар ва абитуриентлар!
Бугунги кунда, Республикамизда мавжуд 141 та олий таълим муассасаларининг барчасига онлайн ҳужжат топшириш ва ўқишга кириш борасида кенг имкониятлар яратилган бўлиб, яъни ҳар бир абитуриент бир вақтнинг ўзида мос таълим йўналиши бўйича 5 тагача олий таълим муассасасига ҳужжат топшириши, шу билан бирга кириш имтихонларидан етарлича балл тўплолмаган тақдирда контракт ёки оширилган контракт тўловларини амалга ошириш орқали ҳам талаба бўлиш мумкин.
Шундай экан, олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишда, ўқишга киришда очиқлик ва шаффолик тамойиллари асосида ҳаракат қилишингизни, фирибгарлар тузоғидан эҳтиёт бўлишингизни сўраб қоламиз”, дейилади мурожаат.
Дурдона Пирназарова
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь