Маслаҳат учрашуви “Марказий Осиё ҳамжамияти”га айлантирилади

Жамият

image

Марказий Осиё давлат раҳбарларининг учрашувлар формати “Марказий Осиё ҳамжамияти” стратегик платформасига айлантирилади. Бу ташаббусни бугун, 16 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентда ўзининг раислигида ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида илгари сурди.

“Ҳамкорлик механизмлари ва шартномавий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш принципиал аҳамиятга эгадир. Учрашувларимизни минтақавий мулоқотнинг маслаҳат шаклидан “Марказий Осиё ҳамжамияти” стратегик форматига айлантиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. 

Ушбу мақсад йўлида форматимиз институционал ва ташкилий асосларини изчил мустаҳкамлашни назарда тутадиган Маслаҳат учрашувлари тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш, ротация асосида фаолият юритадиган Котибиятни таъсис этиш, миллий мувофиқлаштирувчилар мақомини Президентларнинг махсус вакиллари даражасига кўтаришни таклиф этамиз”, деди Мирзиёев.

Бундан ташқари, у халқ дипломатияси соҳасидаги қадрият ва анъаналарга таянган ҳолда, бой ҳаётий тажриба ва обрў-эътиборга эга жамоат арбобларидан иборат Оқсоқоллар кенгашини тузишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблашини билдирди. 

“Бу мамлакатларимизда авлодлар ўртасидаги алоқаларни кучайтириш, шунингдек, умумминтақавий ҳамжиҳатлик ва ўзига хосликни мустаҳкамлашга хизмат қилади, деб ўйлаймиз”, деди Ўзбекистон етакчиси.

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳам саммитда сўзга чиқар экан, Шавкат Мирзиёев томонидан форматнинг институтсионал асосларини мустаҳкамлаш бўйича билдирилган таклифларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

“Ўйлайманки, биз ушбу масалаларни ишчи тартибда муҳокама қилиб, тегишли таклифларни қонунчилик ёки шартномавий тартибда тасдиқлашга эришишимиз мумкин”, деди Қозоғистон раҳбари.

Саммитда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, шунингдек, БМТнинг Марказий Осиё мамлакатлари учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе иштирок этди. Кун тартибига мувофиқ, минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда устувор соҳаларда қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви якунлари бўйича қўшма баёнот қабул қилинди. Бундан ташқари, Президентлар қуйидаги муҳим ҳужжатларни имзолади:

  • Қирғиз Республикасининг 2027-2028 йилларда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг муваққат аъзолигига номзоди юзасидан БМТга аъзо давлатларга мурожаат;
  • Озарбайжон Республикасининг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувида тўла ҳуқуқли аъзо сифатида иштирок этиши тўғрисидаги қарор;
  • Марказий Осиёда минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик концепцияси;
  • Марказий Осиё хавфсизлигига хатарларнинг каталоги ва уларнинг олдини олиш бўйича 2026-2028 йилларга мўлжалланган чоралар.

Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг