Марказий Осиёнинг ривожланиши Афғонистондаги тинчликка боғлиқ – Норов

Жамият

image

Марказий Осиёнинг ривожланиш истиқболлари Афғонистонда тинчликни таъминлаш билан узвий боғлиқ. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессияси умумий муҳокамаларидаги нутқида  айтиб ўтган.

“Биз чуқур гуманитар инқирозни бошдан кечираётган ушбу мамлакатга халқаро эътиборнинг пасайишидан хавотирдамиз. Афғонистоннинг мавжуд муаммолар қуршовида яккаланиб қолишига йўл қўймаслик ниҳоятда муҳимдир. Бу, шубҳасиз, минтақавий ва халқаро хавфсизликка салбий таъсир кўрсатиши мумкин”, дейди Норов.

Вазирнинг сўзларига кўра, Афғонистон иқтисодиётини тиклаш, унинг минтақалараро иқтисодий жараёнларга қўшилиши, инфратузилма ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш халқаро ҳамжамиятнинг умумий устувор йўналиши бўлиши керак. Ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун БМТ, халқаро молия институтлари ва донор мамлакатларнинг кўмаги зарур.

Шунингдек, Норов сессиядада Термиз шаҳрида Афғонистонни гуманитар қўллаб-қувватлаш бўйича махсус жамғармани ташкил этиш бўйича таклиф билдирган. 

Ушбу жамғарма маблағлари ижтимоий инқирозни бартараф этиш, ёшлар учун таълим дастурлари ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилиши кўзда тутилмоқда.

“Ўзбекистон Афғонистонга кўмаклашиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Чегарадош Термиз шаҳрида Халқаро транспорт-логистика хаби ташкил этилиб, БМТ тузилмалари томонидан Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатишда унинг имкониятларидан кенг фойдаланмоқда”, дейди ТИВ раҳбари.

Хусусан, вазир нутқида Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан жорий йил июль ойида қабул қилинган "Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш тўғрисида"ги резолюция ҳақида гапириб ўтган. Ушбу ҳужжатда Афғонистонни иқтисодий ҳамкорликка жалб қилиш, уни икки минтақани боғлайдиган кўприкка айлантириш устувор ўрин тутади.

“Мазкур ғояларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши учун "Термиз – Мозори-Шариф – Кобул - Пешовар" темир йўлини қуриш каби трансминтақавий инфратузилма лойиҳалари амалга оширилиши лозимдир”, дейди у.

Фарангиз Салимова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

58

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг