Мандарин, араб, корейс, япон – ўрганиш учун энг қийин тиллар

Бу қизиқ

image

Кўпинча атрофимизда бир нечта тилларда равон сўзлаша оладиган инсонларни кўриб ҳавас қиламиз ва ҳайратланамиз. Баъзилар тил ўрганишда юқори қобилиятга эга бўлишлари мумкин, аммо одатда бийрон нутқ ортида катта машаққат ётади. Баъзи тилларнинг мураккаб грамматикаси, нотаниш ёзув шакли ёки мураккаб оҳанг тизимлари ўрганувчига қийинчиликлар туғдириши мумкин. Ушбу мақолада ўрганиш учун энг қийин деб топилган тилларнинг  бир нечтаси ҳақида маълумот берамиз. Шунингдек, уларнинг тарихи, ҳудуди, сўзлашувчилари сони ва мураккаблигига қарамасдан уларни ўзлаштира олган таниқли шахсларга тўхталамиз.

Мандарин тили (путонгҳуа)

Мандарин Хитойдаги кўплаб лаҳжаларнинг умумий номи ҳисобланади. Унинг илдизлари минг йиллар олдинги даврларга бориб тақалади. Хитой ва Тайваннинг расмий тили ва Сингапурнинг тўртта расмий тилидан бири бўлган ушбу тил Хитой-Тибет тиллари оиласига мансуб бўлиб, унинг бугунги кўриниши қадимги хитой тилидан анчагина фарқ қилади. Мандарин тилида асосан, Хитой, Тайвань ва Сингапурда сўзлашилади, қолаверса, Малайзия, Индонезияда ҳам шундай тилли жамоалар мавжуд. Дунё бўйлаб 1,2 миллиард одам мандарин тилида сўзлашгани боис у энг кўп фойдаланиладиган тил ҳисобланади. Мандаринни қийин тиллар сафига киритган жиҳати унинг тонал табиати ҳисобланади, яъни оҳангга қараб сўзнинг маъноси кескин ўзгариб кетиши мумкин. Бундан ташқари, ёдлаш ва белгилари орасида нозик визуал фарқларга эга мураккаб иероглифлардан иборат ёзув шакли кўпроқ эътибор талаб қилади. Facebook асосчиси Марк Цукерберг мазкур тилни аъло даражада ўргана олган, бунда унга келиб чиқиши хитойлик бўлган рафиқаси Присцилла Чан кўмаклашган. Мандарин тилини билиш Цукербергга Хитойдаги бизнесини ривожлантиришда жуда асқатди дейиш мумкин.

Араб тили

Семит тиллари гуруҳига мансуб бўлган араб тили 1500 йилдан ортиқ тарихга эга. У Қуръон тили сифатида бошқа тилларга чуқур таъсир ўтказган ва ўрта асрлар алломаларининг илмий ишларида асосий роль ўйнаган. Саудия Арабистони, Миср, Ироқ ва Марокаш каби Яқин Шарқ минтақаси мамлакатларида, шунингдек, Шимолий Африканинг 22 давлатида араб тилида сўзлашилади. У глобал ислом ҳамжамиятида ҳам муҳим ўринга эга. Асосий тил сифатида 310 миллионга яқин, иккинчи тил сифатида гаплашувчилар билан қўшиб ҳисобланганда эса дунё бўйлаб жами 420 миллиондан ортиқ одам араб тилида гаплашади. Мазкур тил мураккаб грамматикаси ва талаффузи, қолаверса, турли феъл шакллари туфайли қийин ҳисобланади. Бундан ташқари, ўнгдан бошланадиган ёзув шакли араб тилини ўрганишни мураккаблаштиради.

Япон тили

Япон тилининг асосий хусусияти шундаки, японча иероглифлар ёрдамида сўзлашув ва ёзма нутқ алоҳида-алоҳида ўзлаштирилиши керак. Ёзувни ўрганиш энг қийин жиҳатидир, чунки у учта тизимдан иборат бўлиб, иккитаси хирагана ва катакана – бўғинли алифболарга бўлинади. Катакана ёрдамида япон тилидаги барча ўзлаштирма сўзлар ва хирагана билан сўзлар ўртасидаги грамматик алоқалар ўргатилади. Сўзнинг асоси хитойликлардан япон тилига ўтган иероглифлардан иборат бўлган кандзи тизими орқали етказилади. Агар тўсатдан сўз ёзаётганда, қайси тизим сизга кераклигини унутган бўлсангиз, шунчаки хираганадан фойдаланишингиз мумкин. Бу тилдан деярли фақат Японияда фойдаланилади дейиш мумкин. Шундай бўлса-да, Бразилия, Қўшма Штатлар ва япон диаспораси мавжуд бошқа мамлакатларда қисман япон тилида сўзлашилади. Умумий олганда, тахминан 128 миллион киши япон тилида сўзлашади ва у дунё миқёсида энг кўп гаплашиладиган тўққизинчи тил ҳисобланади.

Корейс тили

Шимолий ва Жанубий Кореянинг расмий тили бўлган корейс тилининг япон ва олтой тиллари билан тарихий алоқалари бор. Корейс алифбоси XV асрда ихтиро қилинган ва унинг тузилиши нисбатан анча мураккаблигича қолмоқда. Бу тилда Жанубий Корея ва Шимолий Кореядан ташқари, Хитой, Япония, АҚШ ва Россиядаги корейс диаспора жамоалари сўзлашади ва бу тахминан 77 миллион кишини ташкил қилади. Сўзлашувчилар ўртасидаги муносабатларга асосланган турли хил феъл шаклларини англатувчи нутқ даражалари тилни ўрганишни қийинлаштириши мумкин.

Тай

Таиланднинг расмий тили ҳисобланган тай тили ўзининг тонал табиати, ундош ва унлиларни ўзига хос тарзда бирлаштирган мураккаб ёзуви билан машҳур. Бу тилда асосан Таиланд аҳолиси сўзлашади, шунингдек, Лаос, Камбоджа ва Малайзия каби қўшни мамлакатларда бу тилда гаплашадиган кичик жамоалар мавжуд ва бу умумий ҳисобда тахминан 69 миллион кишини ташкил қилади. Тай ҳам мандарин каби мураккаб тонал табиатига эга, яъни юқорида таъкидлаганимиздек, сўзнинг маъноси унинг талаффуз қилинган оҳангига қараб ўзгаради. Бундан ташқари, кетма-кет келадиган ундош ёки унлилар ўқиш ва ёзишни етарли даражада қийинлаштиради. Бироқ актриса Анжелина Жоли мамлакатда инсонпарварлик ва хайрия ишларини олиб борар экан, бу тилни аъло даражада ўзлаштирган. Шундай бўлса-да, бу актрисага осон кечган деб бўлмайди.

Поляк

Ғарбий славян тили ҳисобланган поляк, чех ва словак тиллари билан чамбарчас боғлиқ. Полша давлати тили ўзининг мураккаб грамматикаси ва талаффузи, айниқса ундош товушлари билан эътибор тортади. Полшадан ташқари АҚШ, Буюк Британия, Германия ва Канада давлатларида ҳам поляк тилида сўзлашувчи жамоалар мавжуд ва бу умумий ҳисобда тахминан 50 миллион кишини ташкил қилади. Голливуд актрисаси Натали Портман “Совуқ тоғ” фильмидаги роли учун поляк тилини ўрганган ва тилнинг грамматикаси ва талаффузининг айниқса қийин эканини таъкидлаган. Тил ўрганиш қанчалик қийин жараён бўлиб туюлмасин, кўп тилли инсонларга кўпроқ имкониятлар эшиги очилади. Янги тилни ўрганиш янги дўстлар, маданиятлар ва имкониятлар томон саёҳат демакдир.


Мақола муаллифи

Теглар

Мандарин тили Араб тили Япон тили Корейс тили Тай Поляк

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар