Маданият вазирлиги 15,5 млрд сўмлик юк машиналарига изоҳ берди

Маданият-санъат

image

Шу кунларда Маданият вазирлиги иккитагина автотранспорт воситасини 15,5 млрд сўмга харид қилгани кўпчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлди.

Бугун, 8 ноябрь куни, Маданият вазирлиги юқоридаги ҳолат бўйича расмий муносабат билдириб чиқди.

Вазирлик изоҳига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига асосан, 2022 йил 1 июнга қадар “Маданият карвони” учун мўлжалланган, тегишли мусиқа техникаси ва саҳнага эга 2 дона махсус автотранспорт воситасини харид қилиш вазифаси белгиланган.

“Мазкур қарордан келиб чиққан ҳолда харид қилинадиган, “Маданият карвони” учун мўлжалланган, тегишли мусиқа техникаси ва саҳнага эга махсус автотранспорт воситасининг техник параметрлари мутахассислар томонидан белгиланган тартибда ишлаб чиқилди. Бундай замонавий автотранспорт воситасини тайёрлаш имконияти бўйича хорижий давлатлар ўрганилди ва энг маъқули сифатида Хитой давлати танланиб, вазирлик томонидан OMDM ва “Huayuan” компанияси билан музокара олиб борилди. Музокара хулосасига кўра, OMDM компанияси томонидан 873 000 АҚШ доллари, Олмаота шаҳридаги “Kazakhstan musical technologies” филиали томонидан 900 026 АҚШ доллари таклифи (битта махсус автотранспорт воситаси хариди учун) билдирилган”, дейилади вазирлик муносабатида. 

Бироқ, хорижий компаниялар пандемия сабабли махсус автотранспорт воситаси йил якунига қадар етказиб берилишини маълум қилган. 

Шундан сўнг, Маданият вазирлиги ишлаб чиқилган техник параметрлар асосида махсус автотранспорт воситасини тайёрлаш имконияти мавжуд бўлган маҳаллий корхоналар билан мулоқот олиб бориш ҳамда тегишли хулоса олиш мақсадида “Oʻzavtosanoat” AJ, “UzAvto Trailer” MChJ ва “JV MAN Auto-Uzbekistan” МЧЖ қўшма корхонасига мурожаат этган.

“ “JV MAN Auto-Uzbekistan” МЧЖ қўшма корхонаси тавсияси асосида “STEYA overseas projects” томонидан 1 390 000 евро, Турин политехника университети томонидан 9 580 050 000 сўм ҳисобига махсус автотранспорт воситасини тайёрлаш, қолган корхоналар ва “Uz Truck and Bus Motors” МЧЖ томонидан эса 1 394 950 000 сўмга транспортнинг фақат тягач қисми билан таъминлаш имконияти маълум қилинган”, дея вазиятни тушунтирган вазирлик.

Шундай қилиб, “Маданият карвони” учун мўлжалланган махсус автотранспорт воситасини маҳаллий корхоналар (Турин политехника университети) билан биргаликда мукаммал ишлаб чиқиш, тайёрлаш ва зарур ускуналар билан жиҳозлаш чоралари кўрилган ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан тўғридан-тўғри шартнома тузилган.

“Шу ўринда бундай автотранспорт воситасининг афзаллиги ва муҳимлиги нимада деган савол туғилиши табиий. Айтиш жоиз, аслида бу кўпчилик ўз тасаввурига кўра тахмин қилиб, турлича талқин этаётган енгил автомобил эмас. Номидан ҳам англаш мумкинки, бу тегишли мусиқа техникаси ва саҳнага эга махсус автотранспорт воситасидир. Бошқачароқ қилиб уни замонавий, улкан “Мобил саҳна” дейиш ҳам мумкин. Бундай транспорт воситалари буюртма асосида махсус ишлаб чиқарилади” деб қўшимча қилинади вазирлик ҳисоботида.

Самандар Ҳаққиев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

787

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг