Маданият ходимлари югурдакка айланиб қолган эди – Озодбек Назарбеков

Интервью

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев куни кеча “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ва “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди. Ушбу икки ҳужжат билан маданият ва санъат соҳасида амалга ошириладиган галдаги ислоҳотлар режаси белгиланди, ушбу соҳа вакилларига бир қатор имтиёзлар берилди. 

Ўзбекистонда йиллар давомида маданият ва санъат соҳаси вакиллари давра тўрида бўлиб келган. Аммо улар кўрсатган натижа ҳаминқадар. Хўш, уларга бу қадар кенг имкониятлар бериш керакмиди? Ушбу масалада QALAMPIR.UZ Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков билан суҳбатлашди. 

Озодбек Назарбеков, Маданият вазири: — Вазир лавозимига жорий йилнинг 23 январь куни тайинланган бўлсам, орадан бир вазирнинг фаолиятига баҳо беришга арзийдиган муддат ўтди. Лекин пандемия муносабати билан энди ҳаракат бошлаганимизда, чекинишга мажбур бўлдик. Боиси, айрим ислоҳотларимиз бориш-келиш, кўришиш билан боғлиқ. Шунинг учун ҳаракатларимиз бир мунча тўхтаб қолди.

Бу олдимизга катта вазифалар қўядиган, оёғи ердан узилмаган ва амалга оширса бўладиган фармон бўлди. Уни ҳаётга тадбиқ этса бўлади ва реал.

Қамариддин Шайхов, журналист: — Бу фармон ижрочиларининг оёғи ердан узилмаганми? Қанчалик муҳим эди бу фармон? 

О.Н.: — Бизнинг тизимимиз бу фармонни жуда катта хурсандчилик билан қарши олди. Жамиятимизда маданият деса фақат мусиқа, томоша, қўшиқ деган жуда тор тасаввур шаклланиб қолди. Ҳаммада маданият тушунчаси торайиб, кичкинагина тасаввур пайдо бўлиб қолди. Гўё у саҳна устидаги шоу. Аслида шундайми?

Қ.Ш: — Бунга айбдор жамиятми...

О.Н.: — Йўқ, албатта. Бизгача бўлган бир неча 10 йиллар давомида шундай тушунча шаклланиб келди.  20-30 нафар машҳур хонанда ё актёрларнинг ҳаёти, фаолиятидан келиб чиқиб, бутун тизимга баҳо бериш қанчалик тўғри? Маданият йўналиши шу даражада хилма-хилки, бошқа вазирликлар билан солиштирадиган бўлсангиз, уларда базавий билим бир. Масалан, спортнинг қайси йўналиши бўлса ҳам базавий билими бир хил. Айтайлик, театр билан маданий мероснинг базавий билими бир хилми? Йўқ, умуман бошқа-бошқа. Бу соҳа жуда кенг тармоқли ва унда бир-бирига ўхшамайдиган йўналишлар бор. Шунинг учун бу фармон сув ва ҳаводек керак эди. 

Жамиятимизда бугун маданиятга нисбатан шаклланиб қолган концерт, томоша, қўшиқ, клип деган тушунчани бузиб ташлаб, уни мутлақ янги даражага кўтариш, янги моделини киритиш учун ҳам керак эди. Тушунчанинг торайиб кетгани ҳам соҳанинг ислоҳтга муҳтожлигини кўрсатмоқда. 

Қ.Ш: — Буни Назарбеков модели, десак бўладими?

О.Н.: — Йўқ. Бу – Янги Ўзбекистоннинг олдимизга қўйган янги талаблари. Бугун Президентимиз нима деяптилар: тажрибали одам керакмас, тажрибали одамларни олиб келма. Уларнинг қаердан тажриба орттирганини биламан. Яъни ўтган даврдан тажриба орттирган. У шу кунгача бизга ҳеч нарса бермади, бундан кейин ҳам бермайди. Тажрибали эмас, садоқатли, соҳага фидокор, юртига, миллатига, халқига, Ватанига фидоий бўлган одам бўлса, қолганини ўзи эплаб кетади. Бу ерда одам ўзини қийнаши, нима қилсам ҳам шу соҳани ислоҳ қиламан деган ташвиш билан кун кечиришининг ўзи кифоя қилади. Билимли бўлиб, ҳамма нарсани мукаммал билиб, охиригача тушуниб ё тажрибали бўлиши шарт эмас. Жараённи ўзи ўргатади. Бунда меҳр, садоқат, вафо муҳим. Бизга мана шу учта нарса керак. 

Қ.Ш: — Ва бироз пул. Чунки маданият соҳаси ходимларининг маоши у қадар катта бўлмаган.

О.Н.: — Маданият соҳасининг тўғри шаклланиши учун соҳа вакилларининг меҳнатига яраша ҳақ тўлаш кифоя. Ортиқча пул ё бошқа нарса керак эмас. Энг қизиғи, бугунгача айрим жабҳаларда ҳақ ҳам тўланмас эди. Бугун фармон билан мана шу масалалар ечиляпти. Ва йиллик календар асосида тадбирларни режалаштириб, кейин амалга ошириш масалалари қўйиляпти. Фармон билан маданият ва санъат вакилларининг жамиятдаги ўрни белгиланяпти. Яъни фармонда уларга тўғри ва муносиб муносабатда бўлгин дейиляпти. Аввало маданият ходимларининг ўзи, кейин жамият билсин уларнинг ўрнини. Фармон режасиз, мазмунсиз, натижасиз тадбирбозликлардан воз кечишга, ҳурмат қилишга, келишишга мажбур қилади. Бу жуда керак эди. Қўпол бўлса ҳам айтиш мумкинки, ҳудудларда маданият ходимлари югурдакка айланиб қолган эди. Ўзининг соҳаси ва вазифаси, мажбурияти қолиб, умуман бошқа ишларга жалб қилинган ҳолатлар кўп эди. Уларнинг ўз ишини бажармай, ҳудудий раҳбарларнинг буйруқларини бажариб юриши жуда катта муаммо эди. Фармон билан йиллаб ечимини топмаётган ушбу муаммолар ечилади. 

Бугун жамиятда бизнинг ўрнимиз қаерда, биз ўзи нима қилишимиз керак, деган саволларни берадиган пайт келди. Маданият соҳаси нима иш қилиши керак, вазифаси нима?

Қ.Ш: — Жавоб топдингизми? 

О.Н.: — Бунга Президентимиз таъбирлари билан жавоб берадиган бўлсам, Муфодаа бугун жамиятнинг жонини, жисмини, саломатлиги ва тинчлигини ҳимоя қилаётган бўлса, Маданият вазирлиги жамиятимизнинг онги ва тафаккури мудофааси билан шуғулланиши керак. 

Ушбу видеоинтервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки YouTube’даги саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин. 


Мақола муаллифи

Теглар

Озодбек Назарбеков

Баҳолаганлар

111

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг