“Мадам 49.3” Франция ҳукуматини тарк этди
Олам
−
09 Январь
6747Кеча, 8 январь куни кечқурун Франция Бош вазири Элизабет Борн Елисей саройига бориб, Президент Эммануэль Макрон билан кўришди. У саройни собиқ ҳукумат раҳбари сифатида тарк этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Элизабет Борн Эммануэль Макронга хайрлашув совғаси – ҳукуматдан истеъфога чиқиш хатини олиб борган. Президент эса уни чуқур миннатдорлик билан қабул қилган.
“Эл-юрт фаровонлиги йўлидаги хизматингиз биз учун ибрат бўлди”, деб ёзган Макрон Х даги саҳифасида.
Елисей саройининг аниқлик киритишича, Борн Вазирлар маҳкамасининг бошқа аъзолари билан бирга янги ҳукумат тузилмагунча ўз фаолиятини давом эттиради. Бироқ унинг ўрнини ким эгаллаши ҳозирча номаълум.
BFMTV телеканали Борннинг энг эҳтимолий вориси сифатида 34 ёшли Таълим вазири Габриэль Аттални кўрмоқда. Амалдаги Мудофаа вазири Себастьян Лекорню ёки Миллий Ассамблеянинг собиқ раиси Ришар Ферран номзодлари ҳам йўқ эмас. Шунингдек, Иқтисодиёт вазири Бруно Лё Мэр ҳам, сўнгги бир йил ичида жуда фаол бўлган Ички ишлар вазири Жеральд Дарманин ҳам амбицияларга эга.
Маълумот учун, Элизабет Борн Вазирлар маҳкамасига бир йил, етти ой ва 23 кун раҳбарлик қилди. Ҳукуматдаги вазифаси билан бир қаторда, у парламентдаги фаолияти давомида Президентга содиқлигини исботлаб, вақти-вақти билан мухолифат депутатлари билан "қақшатқич жанг"га киришиб кетди.
Борн хоним Франция конституциясининг 49.3-моддасида кўрсатилган махсус ваколатларидан фойдаланиб, тахминан 23 марта парламентда қабул қилинмаган қонун лойиҳаларини амалга оширгани туфайли "Мадам 49.3" лақабини олган.
У бу ваколатни меҳнат қонуни, пенсия ислоҳоти, соғлиқни сақлаш бюджети ва кўплаб ҳукумат таклифлари билан боғлиқ вазиятларда ишлатди. Айниқса унинг ўтган йили пенсия ёшини 64 га ошириш учун ижро ҳокимиятидан фойдаланиш тўғрисидаги қарори бир неча ҳафта давом этган зўравонлик намойишларига туртки бўлди.
2024 йилнинг январига келиб, Борн хоним ҳокимиятдаги энг номақбул сиёсатчига айланди. “Elabe” сўровига кўра, французларнинг атиги 23 фоизи унга ишонади. “Le Figaro” газетасида чоп этилган тадқиқотга кўра, французларнинг 66 фоизи унинг кетишини кутган.
LiveБарчаси