Мачу-Пикчуга кетаётган иккита поезд тўқнашди. Қурбон бор (видео)

Олам

image

Кеча, 30 декабрь куни Перуда сайёҳларни қадимги инклар шаҳри Мачу-Пикчуга олиб кетаётган икки поезднинг қарама-қарши йўналишда тўқнашуви оқибатида 1 киши ҳалок бўлди ва 30 дан ортиқ одам жароҳатланди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Телеканал маълумотларига кўра, Перуда машҳур Мачу-Пикчу археологик мажмуасига сайёҳлар билан йўл олган икки поезд тўқнашган. Ҳодиса оқибатида камида бир киши ҳалок бўлган, тахминан 30 нафар йўловчи турли даражадаги тан жароҳатларини олган.

Аниқланишича, ҳалок бўлган шахс темирйўл ходими бўлган. Ҳозирда Мачу-Пикчуни яқин атрофдаги Куско шаҳри билан боғловчи темирйўл линиясида ҳаракат тўхтатилган.

“Темирйўлни бошқарувчи компания маълумотига кўра, Мачу-Пикчудан чиқиб кетаётган поезд у томонга кетаётган бошқа поезд билан тўқнашган”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, Мачу-Пикчуга ҳар йили қарийб 1,5 миллион сайёҳ ташриф буюради ва уларнинг аксарияти ҳудудга яқин жойлашган Агуас-Калентес шаҳрига поездда етиб боради. Ўзига хос тарзда мукаммал мослаштирилган тош ғиштлар билан машҳур бўлган ушбу мажмуа XV асрда инклар томонидан барпо этилган бўлиб, мамлакат императорлари учун муқаддас маскан сифатида хизмат қилган.

CNN’га кўра, сўнгги 10 йил ичида Мачу-Пикчуга ташриф буюрувчилар сони тахминан 25 фоизга ошган. Шу билан бирга, бу ҳудуддаги туризм сиёсий беқарорлик ва мажмуани бошқариш билан боғлиқ баҳслар сабабли зарар кўрган. Баъзан норозилик намойишчилари қадимий мажмуага олиб борувчи темирйўлни ҳам тўсиб қўяди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мексиканинг Оахака штати жанубида поезд рельсдан чиқиб кетиши оқибатида камида 13 киши ҳалок бўлганди, яна 98 киши турли даражада жароҳат олган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

поезд Перу Мачу-Пикчу

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг