Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги таҳрир ва номда қабул қилинади
Жамият
−
22 Январь 2022
11808Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги партиялар фракциялари томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги таҳрирда ва янги ном билан кўриб чиқилаяпти. Бу ҳақда депутат Расул Кушербоев маълум қилди.
Янги кодекс лойиҳаси билан кодекснинг номи унинг тартибга солиш предмети ва хорижий тажрибадан келиб чиқиб “Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекс” деб ўзгартирилмоқда. Айрим маъмурий ҳуқуқбузарлик таркиблари замон талаблари асосида қайта кўриб чиқилмоқда. Жумладан:
а) амалда ўз аҳамиятини йўқотган ёки фуқаролик ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган 33 та маъмурий ҳуқуқбузарликлар (транспортдан шахсий бойлик орттириш мақсадида фойдаланиш, шартнома интизомини бузиш, автомат телефонларни шикастлантириш ва б.) Кодексдан чиқарилмоқда;
б) объектив эҳтиёждан келиб чиқиб, 12 та янги турдаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда (пиёда ва бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларига йўл бермаслик, электрон ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш тартибини бузиш ва б.);
в) халқаро экспертлар (хусусан ОЭСР) тавсияларига кўра 3 турдаги ижтимоий хавфи катта бўлган ва маъмурий жавобгарлик орқали таъсир кўрсатиш самарасиз маъмурий ҳуқуқбузарликлар (НТТнинг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш, давлат органининг, давлат иштирокидаги ташкилотнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш, давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши Кодексдан чиқарилиб, улар учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда;
д) маъмурий жазо чоралари тизими такомиллаштирилиб, ўз аҳамиятини йўқотган, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ашёни ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш жазоси маъмурий жазо тизимидан чиқарилмоқда;
е) маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш тартиби такомиллаштирилмоқда. Хусусан:
ҳуқуқбузарликка оид иш юритиш тизимини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида ташкил этиш назарда тутилмоқда;
ҳамалдаги Кодексда мавжуд бўлмаган исбот қилиш, далиллар тақдим этиш, холислар, экспертиза тайинлаш, суд мажлисини видеоконференция тарзида ўтказишга оид янги тартиблар киритилмоқда.
г) маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарорларни ижро этиш тизими такомиллаштирилмоқда. Хусусан:
коррупция ҳолатларига имкон берувчи омилларни бартараф этиш мақсадида ҳуқуқбузарлик содир этилган жойнинг ўзида нақд пулда жарима ундириш тартиби бекор қилинмоқда;
суд ҳужжатлари ва бошқа орган ҳужжатлари ижросини ўз вақтида таъминлаш мақсадида тайинланган маъмурий жазо чораларини алмаштириш тартиби белгиланмоқда.
и) қатъий маъмурий жарималар қайта кўриб чиқилиб, уларнинг минимал ва максимал миқдорини белгилаш орқали жарималарни пасайтирган ҳолда амалдаги жазолар либераллаштирилмоқда;
ж) маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги қонунчиликнинг ҳар бир принципи мазмуни очиб берилмоқда. (Масалан, ҳеч бир шахс битта маъмурий ҳуқуқбузарлик учун икки марта жавобгарликка тортилиши мумкин эмаслиги ҳақидаги қоида белгиланмоқда);
к) маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишда ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинмаган кўплаб муаммоли масалаларнинг ечими назарда тутилмоқда. Хусусан, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишда рад қилиш асослари ва тартиби, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан қабул қилинган қарорга нисбатан қўйиладиган талаблар ва бошқа ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги масалаларга оид қоидалар киритилмоқда;
л) маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда фуқароларнинг ортиқча овворагарчилигининг олдини олиш мақсадида маъмурий ҳуқуқбузарликларни соддалаштирилган тартибда кўриб чиқиш назарда тутилмоқда.
Янги лойиҳа кодекси 600 га яқин моддадан иборат.
LiveБарчаси