Ливандаги портлашлар соғлиқни сақлаш тизимини жиддий ёмонлаштирди – ЖССТ 

Олам

image

Ливандаги электрон қурилмалар портлаши мамлакатнинг аллақачон заиф бўлган соғлиқни сақлаш тизимини сезиларли даражада ёмонлаштирди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори Тедрос Аданом Гебреисус ўзининг ҳафталик матбуот анжуманида маълум қилди.

У ЖССТ Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан портлашлар қурбонлари билан боғлиқ ёрдам кўрсатиш учун яқиндан ҳамкорлик қилаётганини таъкидлади.

"Ушбу ҳодисалар Ливаннинг аллақачон заиф бўлган соғлиқни сақлаш тизимида жиддий бузилишларга олиб келди. ЖССТ ва бизнинг ҳамкорларимиз оммавий қурбонларга тайёргарлик кўриш ва уларга жавоб бериш учун бир неча ой давомида ишламоқда", дейди у.

Унинг таъкидлашича, ЖССТ 5000 дан ортиқ тиббиёт ходимларини мамлакат шифохоналарининг учдан икки қисмидан кўпроғида бундай ҳодисалар билан курашиш учун ишлашга ўргатган.

Гебреисус, шунингдек, ЖССТ ҳамкорлар билан фавқулодда эҳтиёжларни, шу жумладан қон таъминоти ва синов тўпламларини таъминлаш ва соғлиқни сақлаш тизимининг ишлашини назорат қилиш учун ишлаётганини айтди.

Портлашлар оқибатида 1 шифокор ҳалок бўлди

Видео ҳавола орқали уюштирилган матбуот анжуманида ЖССТнинг Ливандаги вакили Абдинасир Абубакр Ливандаги электрон қурилма портлашларида қанча тиббиёт ходими жароҳат олгани ва бу воқеалар узоқ муддатда соғлиқни сақлаш тизимига қандай таъсир қилиши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб берди.

“Ҳозиргача Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳужумлар оқибатида 1 шифокорнинг ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди. Вазирлик мамлакатда сўнгги икки кун ичида содир бўлган воқеаларни таснифлаш ва маълумотларни йиғишга ҳаракат қилмоқда. Бу портлашлардан навбатчиликда бўлмаган тиббиёт ходимлари ҳам зарар кўришлари мумкин эди. Маълумотлар ҳар куни янгиланади”, деди у.

Абубакрнинг сўзларига кўра, портлашларда аллақачон 37 киши ҳалок бўлган, 3000 дан ортиқ киши жароҳатланган.

Ливанда пейжерлар ва ракцияларнинг портлаши

Ливанда 17 сентябрь куни “Ҳизбуллоҳ” фойдаланаётган пейжерлар бир вақтнинг ўзида портлаб кетди. Портлашлар оқибатида 12 киши, жумладан, икки бола ҳалок бўлди, 2800 га яқин киши, жумладан, 300 га яқини оғир яраланди.

Эртаси куни бутун мамлакат бўйлаб кўплаб радиолар портлади, 20 киши ҳалок бўлди ва 450 дан ортиқ одам яраланди.

Ливан расмийлари Исроилни айблади. Тель-Авив ҳозирча воқеа юзасидан изоҳ бермаган.

2023 йил 8 октябрдан бери Исроил-Ливан чегарасида кескинлик кучайган.


Мақола муаллифи

Теглар

ЖССТ Ливан Тедрос Аданом

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг