“Lamborghini” тиббий ниқоблар ишлаб чиқаради
Олам
−
01 Апрель 2020
5414Италиянинг "Automobili Lamborghini" компанияси Болония яқинидаги заводини қайта жиҳозлаб, маҳаллий шифохоналар учун тиббий ниқоблар ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. Бу ҳақда кеча, 31 март куни компания сайтида маълум қилинди.
Таъкидланишича, компания кунига мингтагача ниқоб ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Ишлаб чиқариш Болония шаҳри яқинидаги заводда йўлга қўйилади. Ҳозирда Италиядаги коронавирус билан боғлиқ энг оғир вазият ушбу шаҳарда кузатилмоқда.
“Биз ушбу курашда ўз ҳиссамизни қўшишни зарур, деб биламиз. Пандемия устидан ғалабага бу курашда олдинги сафда турганларни қўллаб-қувватлаш ва биргаликдаги меҳнат натижасида эришилади” дейди компания вакили.
Таъкидланишича, ишлаб чиқарилган ҳимоя воситалари Болония шаҳридаги “Sant'Orsola-Malpigi” касалхонасига етказилади. У ерда юзлаб шифокорлар коронавирус пандемиясига қарши курашмоқда. Шунингдек, кунига яна 200 дона тиббий ускуна 3D принтерлар ёрдамида ишлаб чиқарилади.
Ўтган ҳафта Италиянинг “Армани” модалар уйи тиббиёт мутахассислари учун бир марталик халатлар тикишни бошлашини эълон қилди. Шунингдек, FCA (Fiat Chrysler Automobiles) концерни келгуси ҳафталарда тиббий ниқоблар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирмоқда.
Италия коронавирус туфайли вафот этганлар сони бўйича дунёда биринчи ўринда турибди. Сўнгги маълумотларга кўра, мамлакатда 105 792 нафар одамда коронавирус инфекцияси қайд этилган. 12 428 нафар одам аллақачон вафот этган. Мамлакатда жорий йилнинг 10 март кунидан бошлаб карантин ва аҳолининг ҳаракатига қаттиқ чекловлар амал қилмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь