Вазир Мирзиёевга БАА Президенти ва Дубай амирининг саломини етказди
Жамият
−
11 Апрель 2019
6079Бугун, 11 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликларининг Ҳукумат ва келажак ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Қарқовий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Давлат раҳбари мамлакатда бўлиб турган нуфузли делегацияни самимий қутлар экан, Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги кўп қиррали муносабатларнинг изчил ривожланиб бораётганига юксак баҳо берди.
Жорий йилнинг март ойида Абу-Даби ва Дубай шаҳарларида бўлиб ўтган олий даражадаги сермаҳсул учрашувлар икки давлат ўртасидаги шерикликни мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришда янги босқични бошлаб бергани қайд этилди.
Ташриф якунида муҳим келишувларга эришилди, жумладан, иқтисодиётнинг турли тармоқларида умумий қиймати 10 миллиард доллардан зиёд истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича муҳим икки томонлама ҳужжатларнинг катта тўплами имзоланди. Уларни тўлиқ амалга ошириш мақсадида тегишли “Йўл харитаси” қабул қилинди.
Бугунги суҳбат давомида давлат ташкилотлари, илмий марказлар, етакчи компания ва корхоналар, банк-молия институтлари даражасида фаол мулоқот ва алмашинувларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Бирлашган Араб Амирликларининг давлат бошқаруви ва инновацион ривожланиш соҳасидаги илғор тажрибани жорий этишда ўзаро ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Икки мамлакат экспертлари ҳамкорлигида устувор йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича аниқ таклифлар тайёрлаш юзасидан келишувга эришилди.
Вазир самимий қабул учун давлат раҳбарига миннатдорлик билдирди ҳамда БАА Президенти Шайх Халифа бин Зоид Ол Наҳаён, Абу-Даби Амирлиги валиаҳди, БАА Қуролли Кучлари Олий бош қўмондони ўринбосари Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён ва БАА Вице-президенти, Бош вазири, Дубай амирлиги ҳокими Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактумнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Муҳаммад ал-Қарқовий Ўзбекистонда давлат ва жамият қурилиши соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишлар, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни юксак баҳолаб, Бирлашган Араб Амирликлари раҳбариятининг мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва шериклик муносабатларини изчил ривожлантириш борасидаги интилиши қатъий эканини билдирди.
LiveБарчаси