Кўчмас мулк ва автомобиль бўйича ижара тўлови ставкаларига ўзгартириш киритилди
Жамият
−
28 Декабрь 2020
9685Ўзбекистонда 2021 йил учун мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкалари тасдиқланди.
Унга кўра, 2020 йилдагига нисбатан ойлик ижара тўловининг энг кам ставкалари қуйидаги тартибда оширилади:
- турар жойлар бўйича (1 м2 учун) Тошкент шаҳрида – 14 000 сўмгача (+16,7%), Нукус шаҳри ва вилоят марказларидаги шаҳарларда – 8 500 сўмгача (+13,3%), бошқа аҳоли пунктларида – 4 000 сўмгача (+14,3%);
- нотурар жойлар бўйича (1 м2 учун) Тошкент шаҳрида – 29 000 сўмгача (+16%), Нукус шаҳри ва вилоят марказларидаги шаҳарларда – 17 000 сўмгача (+13,3%), бошқа аҳоли пунктларида – 7 500 сўмгача (+15,4%).
Автотранспорт бўйича (1 та автотранспорт воситаси учун):
- енгил автомобиль (йўловчилар, багаж ташишга мўлжалланган ҳамда ҳайдовчи ўрнини ҳисобламаганда, ўриндиқлари сони 8 тадан кўп бўлмаган автотранспорт воситаси) бўйича – 575 000 сўмгача (+15%);
- микроавтобуслар, автобуслар ва юк автомобиллари бўйича – 1 150 000 сўмгача (+15%).
Эслатиб ўтамиз, ижара тўловининг энг кам ставкалари жисмоний шахсларнинг мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадларига солиқ солиш мақсадида қўлланилади. Яъни ижара тўловининг ҳақиқатдаги миқдори камроқ бўлиши ҳам мумкин, бироқ мазкур ҳолатларда ижарага берувчи энг кам ставкалардан келиб чиққан ҳолда солиқ тўлаши лозим. 2020 йил 1 июлдан 31 декабрга қадар бўлган муддатда ушбу қоида қўлланилмайди, жисмоний шахслар эса кўчмас мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар бўйича ЖШДСни тўлашдан озод этилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2021 йилнинг 1 январидан кучга киради.
LiveБарчаси