“Крокус”даги терактни уюштирганларга ҳукм ўқилди
Олам
−
12 Март 22442 3 дақиқа
Бугун, 12 март куни Россия Иккинчи Ғарбий округ ҳарбий суди Москва вилоятидаги “Crocus City Hall” мажмуасида содир этилган терактнинг тўрт нафар бевосита ижрочисини умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда “Интерфакс” хабар берди.
“Фаридуни, Мирзоев, Файзов ва Ражабализода айбдор деб топилсин ва уларга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлансин”, дея ҳукмни ўқиб эшиттирган судья.
Шунингдек, суд уларнинг ҳар бирига 990 минг рубль миқдорида жарима тайинлаган. Маҳкумлар жазони алоҳида тартибли колонияда ўтайди.
Шунингдек, Умиджон ва Мустақим Солиевлар, Шахромжон Гадоев, Зубайдулло Исмоилов, Хусейн Ҳамидов, Муҳаммад Шарифзода, Ёқубжон Юсуфзода, Назримад Лутфуллои, Жумахон Қурбонов, Хусан Медов ва Жаброил Аушев ҳам умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосини олган.
Теракт ижрочиларига тураржойни ижарага берган Алишер Қосимов 22 йил-у 10 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Унинг Москва вилоятидаги квартираси мусодара этилган. Уларга автомобиль сотган Исроил, Диловар ва Аминжон Исломовлар эса 19 йил-у 11 ой муддатга ҳукм қилинган.
Иш бўйича айбланувчилар теракт содир этиш, террорчилик фаолиятига кўмаклашиш, террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш ва бошқа жиноятларда айбдор деб топилган.
“Crocus City Hall”даги теракт
2024 йил 22 март куни Москва вилоятининг Красногорск шаҳридаги “Crocus City Hall” мажмуасида “Пикник” гуруҳи концерти бошланишидан олдин бир неча эркак ичкарига бостириб кириб, ташриф буюрувчилар ва ходимларга қарата ўт очган. Бинода ёнғин чиққан.
Россия Бош прокуратураси маълумотларига кўра, теракт оқибатида 147 киши ҳалок бўлган, уч киши бедарак йўқолган, 336 киши тан жароҳати олган ва камида 1 971 киши ўлим хавфи остида қолган. Етказилган зарар миқдори 5,7 миллиард рублни ташкил этган.
Тергов ва суд маълумотларига кўра, қидирувда бўлган икки нафар Тожикистон фуқароси ва номаълум шахслар, “Украинанинг олий сиёсий раҳбарияти манфаатларини кўзлаб”, Россия ҳудудида “Ислом давлати” таркибига кирувчи “Хуросон вилояти” гуруҳининг учта ячейкаси фаолиятини ташкил этган ва маҳкумлар ушбу гуруҳга аъзо бўлган.
Россия Тергов қўмитаси расмий вакили Светлана Петренконинг хабар беришича, Марказий Осиёдан бўлган олти киши ушбу терактни ташкил этишда айбланиб, сиртдан ҳибсга олинган ва қидирувга берилган.
Тергов қўмитасига кўра, улар ҳужумнинг тўрт ижрочисини ёллаган ва чет элда ўқитган. Бундан ташқари, иш бўйича қатор айбланувчилар Доғистоннинг Каспийск шаҳридаги кўнгилочар мажмуани портлатишни режалаштиришган.
Тергов талқинига кўра, жиноят Украина махсус хизматлари иштирокида режалаштирилган ва амалга оширилган. Россия Тергов қўмитаси терактдан сўнг тўрт ижрочи Украинага қочишга уринганини, бироқ Брянск вилояти ҳудудида қўлга олинганини маълум қилган.
Live
Барчаси