Криштиану Роналду Тошкентга келганини билармидингиз?
Спорт
−
02 Март 2023
276635 карра “Олтин тўп” соҳиби, жаҳоннинг энг яхши футболчиларидан бири Криштиану Роналду 2009 йилда Тошкентга келган. 2009 йилда “Роналду Тошкентга келади”, деса бу гапга кўпчилик ишонмаган бўларди. Аммо ўша йилларда Тошкент жаҳон футболи марказларидан бири бўлмаса ҳам, ҳеч бўлмаганда футбол юлдузлари қўшимча даромад оладиган манзилга айланганди.
Роналдунинг ташрифи олдидан катта тайёргарлик ишлари олиб борилди. Шаҳар баннерлари 2008 йилнинг энг яхши футболчиси келиши билан боғлиқ ёзувларга тўлиб кетди. Португалиялик юлдузнинг маҳорат дарсини томоша қилишга иштиёқмандлар шу қадар кўп эдики, “ЖАР” стадионига кириш чипталари жуда тез фурсатда сотиб бўлинди. Криштиану келганида 8 минг томошабинни ўз бағрига сиғдира оладиган спорт мажмуаси мухлислар билан тўлиб тошди.
Роналдунинг келиши “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси томонидан ёш футболчиларни қўллаб-қувватлаш дастури доирасида ташкил этилди. Меҳмон, болалар футбол мактаблари тарбияланувчилари учун маҳорат дарси ўтди.
“Стадиондаги муҳит ақл бовар қилмайдиган даражада эди. Одамлар ўрнидан туриб: “Роналду” деб ҳайқирарди. Криштиану ҳам бу ҳолатни кўриб ҳайратда қолди”, дейди ҳозирги кунда Ўзбекистон мухлислар жамияти раҳбари сифатида фаолият юритаётган Абдураҳмон Фозилов.
Ташкилотчилар учун ушбу тадбир ажойиб “пиар” лойиҳаси бўлди. Фонд Форум Васийлик кенгаши раиси Ўзбекистон Президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова эди. Мамлакатнинг энг бой ва қудратли кишиларидан бири бўлган Каримова Ислом Каримовнинг вориси сифатида кўриларди.
Ўша вақтда Ўзбекистонда Каримова “персона”си фаол тарғиб қилинди.
У машҳур "қўшиқчи" эди, унинг клиплари доимий маҳаллий мусиқа каналларида айланарди. Каримова “Guli” бренди остида заргарлик буюмлари коллекциясини ҳам яратганди. Жаҳон мусиқаси юлдузлари Стинг ва Монтсеррат Кабалье Каримованинг фонди томонидан ташкил этилган санъат фестивалида чиқиш қилган.
Бундан ташқари, Каримова маҳаллий "Бунёдкор" футбол клубининг норасмий эгаси эди. Бразилиялик Ривалдо бу жамоада ўйнади, клуб мураббийи эса яна бир бразилиялик, Лондоннинг "Челси" клуби собиқ устози Луис Фелиппе Сколари эди.
Роналдунинг Тошкентга келиши қанчага тушганини ташкилотчилар маълум қилишни истамаган. Ўзбекистонга келган бошқа футболчилар ҳам қанча олгани аниқ эмас. Тошкентга келганлар орасида Самуэль Это'О, Сеск Фабрегас, Карлес Пуйоль ва Андреас Иниеста ҳам бор эди.
Ваҳоланки, қатор оммавий ахборот воситаларининг маълум қилишича, ўша йилларда Сколарининг маоши 18 миллион доллар атрофида бўлган; агар рост бўлса ўшанда у дунёдаги энг кўп маош олувчи футбол мураббийи ҳисобланган. Мўмай пул тўланадиган жойга жаҳон футболи юлдузлари бирин-кетин келиши ажабланарли ҳолат эмас эди.
Хуллас, ўзбек футболи тарихида ана шундай воқеликлар содир бўлган. Машҳур футболчилариниг Ўзбекистонга келиб ёш футболчилар учун маҳорат дарсларини ўтиб бергани мамлакат футболига қай даражада фойда келтиргани очиғи, бизга қоронғи. Роналду келганида у билан тўпни моҳирона ўйнатган 12 ёшли Шоҳжаҳон Ҳасановга ўша вақтда ўзбек футболи келажаги, Ўзбекистон Роналдуси дея қаралганди, бироқ ҳозир ўша Шоҳжаҳон Ҳасанов қаерда?
LiveБарчаси