Коронавирусдан вафот этган онахон оила аъзоларисиз дафн этилди
Жамият
−
29 Март 2020
43868Ўзбекистонда коронавирус инфекциясидан илк ўлим жорий йилнинг 27 март куни қайд этилди. Коронавирусни Умрага бориб келган қизидан юқтирган 72 ёшли аёл Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, миокард инфарктидан вафот этди.
Наманган вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров вилоят аҳолисига йўллаган мурожаатида марҳумнинг жанозасида ҳеч бир яқини иштирок эта олмаганини маълум қилди.
“Мана шу ҳолатнинг энг оғир, ачинарли, ҳеч қачон эсдан чиқмайдиган томони ҳам бўлди. Онахоннинг бутун оиласи карантинга олинди. Вафот этган онахоннинг жанозасида, дафн маросимида бирорта ҳам оила аъзолари, бирорта ҳам яқинлари иштирок этгани йўқ.
Жаноза ҳам, дафн маросими ҳам махсус санитария-эпидемиологик станцияси ходимлари, шифокорлар томонидан ўтказилиб, қабристонда дафн маросими ўтказиб келинди... Шахсан менга бу ҳолат жуда ҳам оғир ботди”, дея ҳоким одамларни яна бир бор огоҳликка ва уйда қолишга чақирди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтга келиб, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар 133 нафарга етди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь