Коронавирус юқтирган бемор билан яқин мулоқотда ва мулоқотда бўлган шахс тушунчаси белгиланди
Жамият
−
23 Март 2020
11450Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор билан Коронавирус инфекцияси аниқланганда (гумон қилинганда) бажариладиган профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, коронавирусни юқтириш хавфи даражасига қараб, коронавирус аниқланган шахслар билан яқин мулоқотда ва мулоқотда бўлган шахсларга бўлинади.
Коронавирус аниқланган шахслар билан яқин мулоқотда бўлган шахслар доирасига қуйидагилар киради:
• коронавирус аниқланган шахс билан битта хонадонда яшаган шахс;
• коронавирус аниқланган шахс билан бевосита жисмоний мулоқотда (қўл сиқиш, қучоқлашиш) бўлган шахс;
• коронавирус аниқланган шахс билан мулоқотда (масалан, йўталаётганда) ҳимояланмаган шахс;
• коронавирус аниқланган шахс билан 2 метрдан кам масофада 15 дақиқадан кўпроқ вақт давомида юзма-юз бўлган шахс;
• 15 дақиқа ёки ундан кўпроқ вақт 2 метрдан кам масофада коронавирус аниқланган шахс билан бирга ёпиқ жойда бўлган шахс;
• тиббий мутахассис ёки коронавирус аниқланган шахсни бевосита парваришлаган бошқа шахс ёки шахсий ҳимоя воситаларисиз ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бузган ҳолда коронавирус аниқланган шахснинг бионамуналари билан ишлаган лаборатория мутахассислари;
• самолётда, шаҳарлараро автобусда, поездда коронавирус аниқланган шахсдан ҳар қандай йўналишда икки ўриндиқ оралиғида ёки битта купеда (поездда) бўлган, шунингдек, коронавирус инфекцияси аниқланган шахс учиб кетган самолётда хизмат кўрсатган экипаж аъзолари.
Коронавирус аниқланган шахслар билан яқин мулоқотда бўлган шахслар провизор госпитал ёки изоляторга жойлаштирилади.
Коронавирус аниқланган шахслар билан мулоқотда бўлган шахслар доирасига коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан бир самолётда, поездда, автобусда бўлган, аммо улар билан яқин мулоқот қилмаган шахслар киради.
Коронавирус аниқланган шахслар билан мулоқотда бўлган шахслар уй карантинида сақланадилар.
LiveБарчаси