Коронавирус Ўзбекистонда қамоқхоналарга кириб бордими?

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ҳамда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси мутахассислари тавсияларидан келиб чиққан ҳолда жазони ижро этиш тизими муассасаларида коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида кўрсатмалар ишлаб чиқилиб, ижро учун барча муассасаларга юборилди.

Жазони ижро этиш муассасаларида фуқаролар ва жисмоний шахслар вакилларини қабул қилиш вақтинчалик тўхтатилди. Ходимлар ва ҳарбий назоратчилар тиббий кўрикдан (ташқи кўрик ва тана ҳароратини ўлчаш) ўтказилиши ҳамда муассасаларга кираётган барча шахсларни тиббий ниқобларда юришлари ташкиллаштирилди, деб хабар бермоқда ИИВ.

Муассасаларга кириш жойида ташкил этилган дезинфекция туннелининг доимий равишда ишлаш сифати назоратга олинган. Барча муассасаларда “фумизатор” ускунаси ёрдамида хлорактив моддаси билан дезинфекция қилиш чораларини ҳар куни икки маротаба (эрталаб ва кечқурун) ўтказилмоқда. Бундан ташқари, жазони ижро этиш муассасалари томонидан ҳудудий дезинфекция станциялари билан тузилган шартномаларга мувофиқ, муассасаларнинг барча объектларида (ётоқхоналар, ошхона, учрашувхона ва бошқа) ҳар куни бир маротаба дезинфекция тадбирлари амалга ошириляпти.

Тизимдаги барча жазони ижро этиш колониялари ҳамда тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахслар ҳимоя воситаси (юз ниқоби) билан 100 фоиз таъминланиб, унинг алмаштирилиши тиббиёт ходимлари назорати остида амалга оширилмоқда. Муассасалар ҳудудида фаолият юритаётган савдо дўконларига барча маҳсулотлар фақат қадоқланган ҳолда киритиляпти. Шунингдек, дўконнинг кириш қисмида махсус целлофандан тўсиқлар жойлаштирилиб, савдо фаолияти махсус дарчалар орқали амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг 3 май кунидан бошлаб, тизимдаги барча жазони ижро этиш муассасаларида посилка ёки йўқлов ва бандероллар қадоқланган ҳолда қабул қилинмоқда. Почта бўлинмалари орқали қабул қилинаётган посилка ёки йўқлов ва бандероллар тиббиёт ходимлари томонидан таркибида спирт сақловчи воситалари бўлган моддалар ёрдамида зарарсизлантирилганидан сўнг маҳкумларга бериляпти.

Тергов жараёни якунлангандан сўнг, ҳибсхонага келтирилаётган шахслар Санитиария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг ҳудудий бўлинмалари маълумоти ёки коронавирус инфекцияси лаборатор текширув натижалари асосида қабул қилиниб, карантин учун ташкил қилинган алоҳида хоналарда ўн тўрт кун мобайнида сақланяпти. Тергов ҳибсхоналарига қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилиб, олиб келинган шахслар тиббий кўрикдан ўтказган ҳолда, карантин учун ташкил қилинган алоҳида хонада ўн тўрт кун мобайнида сақланмоқда.

Тергов ҳибсхоналарида сақланаётган суд органлари ихтиёрида бўлган шахсларнинг суд процессида иштироки видео-конференц алоқалардан фойдаланган ҳолда амалга оширилмоқди. Тизимдаги барча муассасаларда сақланаётган шахсларни тергов ва суд жараёнига олиб чиқилиши, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари билан учрашувлари вақтинча тўхтатилди. 

Тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахслар билан адвокатларнинг учрашувлари фақатгина ҳибсхонадаги қисқа муддатли учрашув хонасида ўтказилиши таъминланиб, тана ҳарорати 37о С ва ундан юқори бўлган ҳамда шамоллаш аломатлари ёки белгилари кузатилаётган адвокатларнинг киритилишига йўл қўйилмаяпти.

Тизим муассасаларида сақланаётган шахсларга узоқ ва қисқа муддатли учрашувлар берилиши тўхтатилиб, уларга Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 76-моддаси талаблари асосида телефон орқали сўзлашувлар кўпайтирилди.

Ҳар куни жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни тана ҳарорати текширилади. Жазони ижро этиш муассасаларининг барча объектлари коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олишга қаратилган тарғибот-ташвиқот материаллари билан жиҳозланди. Жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар ўртасида ўткир респиратор касалликлар аниқланганда, уларни бошқа маҳкумлардан ажратган ҳолда сақлаш учун алоҳида хоналарда (изолятор) 775 та карантин ўринлари ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария - эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан тиббий санитария - гигиеник воситалар ажратилиб, тақсимот жадвали асосида жазони ижро этиш муассасаларига тарқатилди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори ўринбосари Ханс-Ульрих Им томонидан 2020 йилнинг 10 апрель куни инсонпарварлик ёрдами сифатида берилган 180 млн сўмлик 15 турдаги турли тиббий воситалар Тошкент вилоятидаги 21-сон жазони ижро этиш колониясига ва 24-сон тарбия колониясига тарқатилди.

Жазони ижро этиш муассасаларида коронавирус инфекциясига қарши курашиш учун патогенетик дори - дармон, ҳимоя (юз ниқоби) ва дезинфекция воситалари заҳирасини яратиш учун қўшимча 700 млн сўм маблағ ажратилди;

Жазо муддатини тугаши муносабати билан озод этилаётган, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинаётган, жазоси енгилроғи билан алмаштирилаётган ҳамда сақлаш режими ўзгартирилиб, манзил - колонияларга ўтказилаётган маҳкумлар тегишли транспорт воситалари орқали белгиланган манзилларга вилоят ИИБ ЙҲХБлар билан ҳамкорликда етказиляпти. Манзил - колонияларидаги маҳкумлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларига бириктирилди. 

Амалга оширилган ишлар натижасида ҳозирги кунга қадар жазони ижро этиш муассасаларида коронавирус инфекцияси белгилари бўлган ҳамда ушбу инфекция билан касалланганлар аниқланмади.


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

105

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг