Коронавирус бўйича вазият қалтис даврда Наврўз байрами қандай нишонланиши белгиланди
Жамият
−
17 Март 2021
21501Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг коронавирус пандемиясини инобатга олган ҳолда мамлакатда Наврўз умумхалқ байрами тадбирларини ташкиллаштириш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда сўнгги кунларда аҳоли ўртасида коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари бироз ортганлиги таъкидлаб ўтилди. Шу боис мутассадди вазирлик ва идораларга:
⁃ байрам тадбирларини об-ҳаво шароитини инобатга олган ҳолда очиқ жойларда, яъни боғлар, хиёбонлар ва ўйингоҳларда ўтказиш;
⁃ байрам тадбирларида аҳолини кўп тўпламаслик ва ташриф буюрувчилар ниқобда бўлишлари ҳамда ижтимоий масофани сақлашлари устидан назоратни ўрнатиш;
⁃ аҳоли гавжумлигининг олдини олиш мақсадида тадбирларни кичик ҳажмда маҳаллаларда ташкил этиш чораларни кўриш каби кўрсатмалар берилди.
Шу билан бирга, байрам тадбирларида жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлик чоралари кўриш мақсадида ҳуқуқ тартибот органларига тегишли топшириқлар берилди.
Жойларда ўтадиган байрам тадбирларини юқори бадиий савияда ўтказиш, бунинг учун эстрада хонандалари ва театр актёрларини жалб этиш каби вазифалар белгиланди.
Шунингдек, Санитария-эпидемиология хизмати томонидан аҳоли ўртасида коронавирус билан касалланиш ҳолатларини барвақт аниқлаш бўйича ПЗР лабораторияларнинг тўлиқ қувватларда фаолиятини ташкил этиш, шунингдек, коронавирус инфекциясига қарши хавф ости гуруҳига мансуб аҳоли қатламини ихтиёрий эмлаш тадбирларини ташкил этиш борасида тегишли топшириқлар берилди.
Айрим хорижий ва қўшни мамлакатларда бугунги кунда кузатилиб турган коронавирус инфекцияси билан боғлиқ кескин эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда, мамлакатимизда шу каби ҳолатларнинг қайтарилмаслиги учун кенг тарғибот ишларини олиб бориш тавсия этилди.
LiveБарчаси