Корейс маданияти ва санъати уйи очилди

Жамият

image

Жорий йилнинг 20 апрель куни Тошкент шаҳрида Корейс маданияти ва санъати уйининг тантанали очилиш маросими бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин рафиқалари билан биргаликда ушбу дўстлик ва маданият саройини очди.

“Пойтахтимиз кўркига кўрк қўшиб турган ушбу муҳташам иншоот қиёфасида замонавий архитектура ютуқлари ва анъанавий корейс маданияти уйғунлашган. Бу маскан халқларимизнинг мустаҳкам дўстлиги ва мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар юқори босқичга чиққанининг ёрқин тасдиғидир”, деди Президент Шавкат Мирзиёев.

“Бу марказ дўстлик, аҳиллик ва муштараклик майдонидир. Ўйлайманки, у Ўзбекистондаги корейс диаспораси, шу ерда ишлаётган кореяликлар ва барча ўзбекистонликлар учун умумий уй бўлади. Кўп жиҳатдан ўхшаш халқларимиз ва биродарлашган давлатларимизни боғлаб туради”, деди Мун Чжэ Ин.

Саҳнада корейсларнинг Ўзбекистонга кўчириб келиниши, ўзбеклар билан аҳил яшаши ҳақида бадиий композиция намойиш этилди.

Маълумки, 1937 йилда Узоқ Шарқдан ўн минглаб корейслар мамлакатга кўчирилган. Ўша пайтдаги қийинчиликларга қарамай, ўзбек халқи уларни очиқ қалб билан қабул қилган, уларга бошпана бериб, меҳр кўрсатган. Ўзининг меҳнатсеварлиги ва қатъий иродаси, халқларнинг менталитети ўхшашлиги туфайли корейслар Ўзбекистонда иккинчи Ватанини топди. Улар Ўзбекистоннинг тенг ҳуқуқли фуқаросига, ўзбек жамиятининг фаол аъзоларига айланди.

Бугунги кунда мамлакатда 180 мингдан зиёд корейс миллатига мансуб юртдошлар яшайди. Уларнинг уч юзга яқини Ўзбекистоннинг юксак мукофотлари билан тақдирланган.

Барча миллат ва элат вакиллари қатори корейслар учун ҳам Ўзбекистонда ўз миллий маданияти, тили, урф-одат ва анъаналарини асраб-авайлаши учун зарур шароит яратилган. Ўнлаб корейс маданият марказлари фаолият юритмоқда. 12 та олий таълим муассасаси, 48 та мактаб ва лицейда корейс филологияси ўқитилмоқда. 

Корейс тилида китоб ва газеталар чоп этилмоқда, кўргазмалар, концерт ва фестиваллар, спорт мусобақалари ўтказилмоқда. 

Давлат раҳбарлари ўзбекистонлик корейс рассомлари асарлари кўргазмаси билан ҳам танишди. 

Корейс маданият ва санъат уйи 478 ўринли киноконцерт зали, конференциялар зали, кутубхона, бадиий галерея, ресторан ва хизмат хоналарни ўз ичига олган. У жамоатчилик ва ёшлар интиладиган, муштарак маданиятни бойитадиган яна бир масканга айланади. Бу кун алоҳида стратегик шерик давлатлар - Ўзбекистон ва Жанубий Корея муносабатлари тарихида яна бир ёрқин саҳифа бўлиб қолади.

Бугун куннинг иккинчи ярмида Президентлар Самарқандга ташриф буюриб, диққатга сазовор жойлар билан танишади.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон-Жанубий Корея

Баҳолаганлар

22

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг