Кореяда бош мураббий тайинлови текширилди

Спорт

image

Жанубий Корея полицияси мамлакат терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Хон Мён Бони тайинлашда қоидалар бузилгани ҳақидаги иш юзасидан Корея футбол ассоциацияси (КФА) идораларида тинтув ўтказди. Бу ҳақда маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга таяниб, “Yonhap News” хабар берди.

Маълумотига кўра, тинтувлар бугун, 6 август куни Чхонан шаҳридаги KFA бош қароргоҳи ҳамда Сеул марказидаги офисида ўтказилган.

Тергов 2024 йил июль ойида Хон Мён Бонинг миллий терма жамоа бош мураббийи этиб тайинланиши билан боғлиқ. Танқидчиларнинг таъкидлашича, мураббий белгиланган тартиб-қоидаларга риоя қилинмаган ҳолда ишга қабул қилинган. Хусусан, КФА бир неча ой давом этган хорижлик номзодлар қидирувини тўхтатиб, Хон Мён Бони тўлиқ суҳбат жараёнисиз тасдиқлаган.

Нашрнинг эслатишича, 2024 йил октябрь ойида Жанубий Корея Спорт вазирлиги KFA Хон Мён Бо ҳамда собиқ бош мураббий Юрген Клинсманнни тайинлаш жараёнида ички қоидаларни бузганини маълум қилган эди. Бироқ ўша пайтда вазирлик қонунбузарлик аломатларини аниқламаган.

Маълумот учун, 2026 йилги Жаҳон чемпионатида Жанубий Корея терма жамоасининг муваффақиятсиз иштирокидан кейин ушбу ишга эътибор янада кучайди. Жамоа Чехияни 2:1 ҳисобида мағлуб этган бўлса-да, Мексика ва Жанубий Африкага 0:1 ҳисобида имкониятни бой бериб, гуруҳ босқичидан чиқа олмади ҳамда ўз гуруҳида учинчи ўринни эгаллади.

Шундан сўнг Хон Мён Бо июнь ойи охирида мухлислар босими туфайли мамлакатни тарк этишга мажбур бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Жанубий Корея Президенти Ли Чже Мён ҳам терма жамоанинг Жаҳон чемпионатидаги иштирокини қаттиқ танқид қилди ва омадсиз натижанинг сабабларини текширишни буюрганди.

57 ёшли Хон Мён Бо Жанубий Корея терма жамоасини илк бор 2013-2014 йилларда бошқарган. У 2024 йилда яна бош мураббийликка қайтганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг