Конгода Эболадан ўлганлар сони 5 мингдан ошди
Local
−
15:27 425 2 minutes
Конго Демократик Республикасида Эбола вируси тарқалиши давом этмоқда. 2026 йил май ойидан буён касаллик 5 026 кишининг ҳаётига зомин бўлган. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, жами 10 351 киши вирусни юқтирган. Бу ҳақда “Bild” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, ҳозирги ҳолат Эбола вируси тарихида ўлимлар сони бўйича иккинчи йирик эпидемия ҳисобланади. Касалликка ҳозирча тасдиқланган вакцинаси мавжуд бўлмаган Бундибугио вируси сабаб бўлмоқда.
Мамлакатда ҳар ҳафта 400–500 та янги касалланиш ҳолати аниқланмоқда. Уларнинг тўртдан биридан камроғи аввал маълум бўлган юқиш занжирлари билан боғлиқ. Бу беморларни аниқлаш ва уларни ажратишни қийинлаштирмоқда. Эмори университети мутахассиси Богуму Титанжининг айтишича, вирус тарқалиши жуда юқори даражада сақланиб қолмоқда.
Эпидемияга қарши курашга қуролли тўқнашувлар, аҳолининг тиббиёт ходимларига ишончсизлиги ва халқаро ёрдамнинг қисқариши тўсқинлик қилмоқда. Конгодан ташқари Кения, Нигерия ва Угандада ҳам касалланиш ҳолатлари қайд этилган.
Европа эпидемиологик хизматлари вируснинг Европа Иттифоқида тарқалиш хавфини жуда паст деб баҳоламоқда. Эбола инфекцияланган одамнинг биологик суюқликлари билан бевосита алоқа орқали юқади. Бемор касаллик белгилари пайдо бўлганидан кейингина бошқалар учун юқумли ҳисобланади.
Касаллик юқори ҳарорат, бош ва мушак оғриғи билан бошланади. Кейинчалик қайт қилиш, ич кетиши ва қон кетиши кузатилиши мумкин. Оғир ҳолатларда бир нечта аъзолар фаолияти издан чиқади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Уганда Конго Демократик Республикасига сафар қилган ва мамлакатга қайтган фуқароларни 21 кунлик карантинга жойлаштирилиши ҳақида хабар берилган эди.
Live
All