Конго ўрмонларида ноёб маймун тури топилди
Олам
−
16 июл 2597 2 дақиқа
Конго Демократик Республикаси ўрмонларида ўзига хос ташқи кўринишга эга бўлган янги маймун тури илмий жиҳатдан тасдиқланди. Қора юзи ва пушти-тўқ сариқ лаблари билан ажралиб турувчи ушбу примат фан учун янги тур сифатида қайд этилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Маҳаллий аҳоли орасида “Likweli” номи билан танилган маймун Конго Демократик Республикасининг марказий-шарқий қисмидаги Ломами миллий боғининг зич тропик ўрмонларида яшайди.
Табиатни муҳофаза қилиш мутахассислари ушбу ҳайвонни илк бор 2008 йилда кўрган. Бироқ ўша пайтда фақатгина сифати паст битта сурат олишга муваффақ бўлинган. Орадан 10 йил ўтиб, маймун яна кузатилгач, халқаро тадқиқотчилар гуруҳи уни ўрганишга киришган. Тадқиқотлар натижасида ушбу примат илгари номаълум бўлган алоҳида тур экани аниқланган. Бу сўнгги 75 йил ичида Африкада аниқланган бешинчи янги маймун тури ҳисобланади.
Флорида Атлантика университети тадқиқотчиси Жуниор Амбоко бошчилигидаги олимлар гуруҳи маймуннинг овоз ёзувлари, суратлари ҳамда генетик таҳлиллари асосида хулосага келган.
Олимларнинг қайд этишича, “Likweli” маймунлари жуда кам учрайди ва одамлардан узоқда яшашга мойил. Тадқиқотчилар ҳайвон яшайдиган ҳудуд яқинидаги 52 та қишлоқ аҳолиси билан суҳбатлашган, бироқ улардан фақат саккизтасида бу маймунни кўрганлар бўлган.
Янги тур Colobus congoensis илмий номи билан қайд этилган. У колобус маймунлари гуруҳига киради. Мутахассисларнинг айтишича, ушбу ҳайвонлар тропик ўрмон экотизимида муҳим ўрин тутади. Улар ўсимликлар билан озиқланиб, уруғларнинг тарқалишига ёрдам беради.
Олимлар маймуннинг ёрқин рангдаги лаблари бошқа ҳайвонлар билан алоқа қилиш, жуфтини жалб этиш ёки ўз турдошларини ажратишда муҳим роль ўйнаши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Тадқиқотчилар “Likweli”нинг ўзига хос баланд овоз борлигини ҳам қайд этган. Уларни кўпинча эшитиш мумкин, бироқ зич дарахтзорлар сабаб кўриш қийин.
Айни пайтда олимлар ушбу маймун тури сони ва яшаш ҳудудини чуқурроқ ўрганишни режалаштирмоқда. Мутахассислар ҳайвон гўшт учун овланишини ҳисобга олиб, янги тур сифатида расман тан олиниши унинг ҳимоясини кучайтиришга ёрдам беришидан умид қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ австралиялик тадқиқотчилар ўзига хос кичик шохлари бўлган янги маҳаллий асалари турини кашф этган эди ва унга мос равишда Megachile Lucifer номи берилганди.
Live
Барчаси