“Коля Қирғиз” ва олигарх Райимбек Матраимовнинг мол-мулки яна сотувга қўйилди
Олам
−
07 Май
5963“Коля Қирғиз” лақаби билан танилган жиноий авторитет Қамчибек Кўлбоев, Қирғизистон божхона хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари, олигарх Райимбек Матраимов, парламентнинг собиқ депутатлари Борис Сан ва Асқарбек Шодиевга тегишли кўчмас мулклар кимошди савдосига қўйилди. Бу ҳақда “24 kg” хабар берди.
Қайд этилишича, Қирғизистон ҳукумати ҳузуридаги Давлат мулкини бошқариш давлат агентлиги уюшган жиноятчиликка қарши кураш доирасида олиб қўйилган мулкларни яна очиқ кимошди савдосига қўйган. Агентлик сайтида эълон қилинган маълумотларга кўра, лотлар рўйхатига офис бинолари, бизнес маркази, шунингдек корхоналарнинг акциялари киритилган.
Кимошди савдосига жами тўққиз лот қўйилиб, уларнинг аксарияти бошланғич баҳосисиз кўрсатилган.
Жумладан:
- “Эгизак миноралар” – Бишкекдаги офис майдони 773,8 кв.м. мебель билан жиҳозланган, осмонўпар бинонинг 14-қаватида жойлашган;
- Тошкўмур шаҳридаги “Кристалл” заводи мажмуаси;
- Чўлпон-Ота шаҳридаги “Оқ Марал” дам олиш маркази акциялари;
- Бишкекдаги “Ой-Пари” бизнес маркази;
- Чўлпон-Ота шаҳридаги “Зодиак” дам олиш маркази 3000 квадрат метрдан ортиқ;
- “Бишкек юк автотранспорт корхонаси” ЁАЖнинг “Баткен комфорт” бозори ташкил этилган майдони билан биргаликдаги акциялари.
Ўш шаҳрида жойлашган бошқа нотурар жойлар учун нархлар белгиланган. Шундай қилиб, "Ихлос" қурилиш компаниясига тегишли 5 минг квадрат метрдан ортиқ объект 682,5 миллион сомга (7,7 миллион доллар) баҳоланмоқда. "Империал" тураржой мажмуаси ҳудудидаги офис майдонининг (1400 кв.м.) дастлабки нархи тахминан 150 миллион сомга (1,7 миллион доллар), 2300 кв.м. майдонга эга Amanat Residence тураржой мажмуасидаги объект – 251 миллиондан ортиқ (2,8 миллион доллар) сомга баҳоланган.
Давлат агентлиги янгиликларида кимошди савдосига қўйилган активлар аниқ кимга тегишли эканлиги кўрсатилмаган. Бироқ қирғиз матбуотига кўра, лотлар орасида криминал авторитетлар ва коррупцияда айбланган амалдорлардан тортиб олинган ашёлар ҳам бор. Жумладан, “ворзакон” Қамчибек Кўлбоев, Божхона хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов, парламентнинг собиқ депутатлари Борис Сан ва Асқарбек Шодиев номлари тилга олинган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ ҳам машҳур криминал авторитет ва олигархга тегишли 6,2 млн долларлик мол-мулк сотувга қўйилганди.
LiveБарчаси