КХДР икки давлатни ядровий урушга тайёргарлик кўришда айблади

Олам

image

Корея Халқ Демократик Республикаси Олий халқ мажлиси раиси Пак Ин Чхоль АҚШ ва Жанубий Кореяни ядровий урушга тайёргарлик кўраётганликда айблади. Бу ҳақда у кеча, 30 июль куни Женевада ўтган Парламентлар спикерларининг Бутунжаҳон конференциясида сўз очди.

Пак Ин Чхоль АҚШ ва Жанубий Кореяни айблар экан, Шимолий Кореянинг ядровий дастурларини “бундай таҳдидлардан мамлакат хавфсизлигини таъминлаш учун ҳаётий аҳамиятга эга бўлган мудофаа чораси” деб атаган.

Шунингдек, у АҚШ ва бошқа Ғарб давлатларини ўзларининг “гегемонясини сақлаб қолиш” мақсадида “барқарорлик ва тартибсизликни юзага келтириш”да айблаган.

“АҚШ ва Жанубий Кореянинг ядровий урушни бошлашга доир илғор тайёргарлиги ҳал қилувчи босқичга етди. Бу эса КХДРни ушбу геосиёсий инқирозга жавобан барча зарур чораларни кўришга мажбур қилмоқда. Хавфсизликка доир турли таҳдидларга олдиндан жавоб бериш салоҳиятига эга бўлиш давлатимиз учун суверенитет, хавфсизлик ва ҳудудий яхлитликни ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан ҳаётий аҳамиятга эга”, дейди КХДР вакили.

Пак Шимолий Корея ҳеч қачон “АҚШ ва унинг қўғирчоқларининг истибдодига ва ихтиёрий ҳаракатларига” чидай олмаслигини ва “халқаро адолатни ҳимоя қилиш борасидаги ўз бурчини тўлиқ бажаришини” таъкидлаган.

Конференцияда Жанубий Корея Миллий Ассамблеяси спикери У Вон Сик ҳам иштирок этган ва нутқ сўзлаган. У ўз чиқишида Шимолий ва Жанубий Корея ўртасидаги алоқалар кескинлигига қарамасдан, мулоқот каналларини сақлаб қолишга чақирган. У Пакнинг айбловларига изоҳ бермаган. Мазкур конференция доирасида ушбу давлатлар вакиллари ўртасида ҳеч қандай учрашув бўлмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ КХДР етакчиси Ким Чен Ин Ғарб давлатларига кескин огоҳлантириш билан чиқиб, агар АҚШ ва унинг иттифоқчилари Россияга қарши ҳужум қилса, Шимолий Корея Қуролли кучлари зудлик билан ҳаракатга ўтишини айтган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

ядровий уруш Корея Халқ Демократик Республикаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг