Китоб ўқишни севувчи ва шунчаки қарорлар билан чекланувчи сенаторлар (видеосўровнома)

Интервью

Яқинда Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда сенаторлардан охирги ўқиган китоби, унда қандай воқеа тасвирлангани, асарнинг ижобий тарафлари ҳақидаги саволларимизга жавоблар олдик.

Сенатор Феруза Эшматованинг сўнгги ўқиган китоби Макиавеллининг “Ҳукмдор” асари экан. Эшматова давлат бошқарувида ишлаётган шахслар асардан бошқарув соҳасига оид яхшигина билим олиши мумкинлигини айтади.

“Асарни ўқиётган вақтимда давлат хизматида фаолият олиб борадиган шахслар нималарга эътибор қаратиши лозимлиги, адолат мезонларига қандай риоя қилиш кераклиги ва бошқа шу каби яхши фикрларни ўзим учун ён дафтаримга ёзиб бораман. Жуда яхши асар”, дейди Эшматова.

Сенатор Толиб Мадумаров эса айни вақтда Президент томонидан қабул қилинаётган номатив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўқиб боришни афзал кўришини айтди.

“Ўзим учун биринчи навбатда ўқиётган асарим бу – Президентимизнинг халқимизга бераётган қарорлари, фармонлари ҳисобланади. Ҳужжатларни Амир Темур, Бобур ва кейинги даврдаги алломаларнинг қилган ишлари, ўгитлари билан солиштираман. Президентимиз XIX-XX асрдаги давлат раҳбарлари, тадбиркорларнинг тизимини давлатимиз сиёсатига олиб кира оляпти. Бу ҳам катта жасорат ва мардлик талаб қилади. Давлат томонидан ҳар бир раҳбар ўрганиши керак бўлган таклифлар бўляпти. Бунга биз ҳам бефарқ бўлмаслигимиз керак. Ўзи қонунчиликда анча-мунча асардан яхши асарлар яратиляпти”, дея Мадумаров ўз фикрларини билдирди.

Халқ шоири ва сенатор Маҳмуд Тоир ҳозирги кунда Азизиддин Насафийнинг “Комил инсон китоби” асарини ўқиётганини айтди.

“Бу китобни ёшларимизга ўқиб чиқишларини тавсия қиламан. Асарда инсон қадр-қиммати, инсон ўзлигини қандай англайди, дунё қандай яралган ва бошқа билимлар мужассамлашган”, деб китоб борасида ўз фикрларини улашди.

Ёшлар иттифоқи раиси ва энг ёш сенатор Алишер Саъдуллаев ўқувчиларга Стивен Ковиннинг “Муваффақиятли инсонларнинг 7 кўникмаси” асарини ўқиб чиқишни тавсия қилди.

“Бу асарда инсон муваффақиятга эришиш учун тинмай меҳнат қилиши, меҳнат самарадорлигини қандай ошириш ва инсонлар билан қандай муомала қилиб, ўз олдига режа қўйиши кераклиги ҳақида маълумот берилган. Бу китобни ким топиб ўқиса, албатта унинг фойдасини сезади”, дейди Саъдуллаев.

Боёвут туман ҳокими ва сенатор Дилфуза Ўролова Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асарини қайта ўқиб чиқаётганини айтди.

“Бу асарни ҳар ёш улғайганда ўқисангиз, бугунги ҳаётга боғлиқ жиҳатларни кўрасиз. Ёшлик вақтимизда асар қаҳрамони Зайнабни айбдор деб билиб келганмиз. Зайнабни ҳам оқлайдиган жиҳатлари бор. У ҳам аёл ва бахтли бўлишга ҳаққи бор деб ўйлайман”, дейди аёл ҳоким.

Сенатор Шомансур Сагдуллаев яқинда француз ёзувчиси Марсел Брионининг “Менким, Соҳибқирон – Жаҳонгир Темур” китобини мутолаа қилиб чиққанини айтди. Унга кўра, мазкур асарда давлатчиликнинг қонун-қоидалари, инсонлар яшаш тарзи қандай бўлиш кераклиги, халққа бўлган муносабатлар ҳақида барчаси батафсил ёзилган. Сенатор ушбу китоб ўзбек ва рус тилида мавжуд эканини айтиб, яхшилаб ўрганиб чиқишни тавсия қилди.

QALAMPIR.UZ мухбири томонидан берилган саволларга бошқа бир сенатор Ботир Матмуродов қуйидаги мазмунда жавоб берди: 

“Бу йил Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги нишонланади. Бу бўйича бир қанча тарихий асарларни ўқиб чиқяпмиз. Ўзбек халқининг фашизм устидан қозонилган ғалабада ҳиссаси кўп”, дейди Матмуродов. 

Яна бир сенатор Абдулла Хурсанов Александр Дюманинг “Граф Монте-Кристо” асарини ўқиб чиқишни маслаҳат берди.

Афсуски, “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси бош директори, Навоий давлат кончилик институти ректори Қувондиқ Санақулов саволларимизга жавоб бермади.


Мақола муаллифи

Теглар

Олий Мажлис Китоб

Баҳолаганлар

78

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг