ХТВ битирувчи синфларда имтиҳон ўтказиладиган саналарни эълон қилди

Жамият

image

Жорий ўқув йилида умумтаълим муассасаларида ўқув машғулотлари 2022 йил 25 май куни тугайди ҳамда 9- ва 11-синф ўқувчиларини якуний назорат имтиҳонлари 26 майдан 15 июнга қадар ўтказилади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги Матбуот котиби маълум қилди.

2021-2022 ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчилари она тили ва адабиёт, ўзбек тили/рус тили, математика, тарих, жисмоний тарбия ва қўшимча равишда ўқувчиларнинг танлови асосида белгиланган фан бўйича имтиҳон топширади.

11-синф битирувчилари эса она тили ва адабиёт, математика, чет тили, тарих ва ва қўшимча равишда ўқувчиларнинг танлови асосида белгиланган фан бўйича якуний назорат имтиҳонини топширади. Бунда, танлов ҳар бир ўқувчининг ихтиёрига кўра 9-, 11-синфда ўқитилган фанлар доирасида танланади ва якуний давлат имтиҳони ўтказилишидан бир ой олдин ўқувчининг аризасига асосан амалга оширилади. 

Вариатив ўқув режалари жорий этилган синфларда таълим оладиган ўқувчилар ҳам танлов фанларидан бирини якуний давлат имтиҳони ўтказилишидан бир ой олдин ариза асосида танлайди.

Ўқувчилар томонидан танланган фанлар бўйича таълим тилини инобатга олган ҳолда, 9- ва 11-синф кесимида гуруҳлар шакллантирилиши ҳамда танланган ўқув фанидан якуний назорат имтиҳонини ўтказиш ҳақида умумий ўрта таълим муассасаси Педагогика кенгаши қарор қабул қилади. 

Байрам муносабати билан, қўшимча дам олиш кунларини инобатга олган ҳолда, умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синф ўқувчилари учун “Жисмоний тарбия” фанидан якуний назорат имтиҳонлари жорий йилнинг 2-7 май саналаридан 11-14 май кунларига кўчирилади.

Жорий ўқув йили якунида  5-6-7-8 ҳамда 10-синфларнинг босқичли имтиҳонлари бўлмайди. Ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасалари ва мактаб-интернатларида эса босқичли имтиҳонлар улар ички низомига мувофиқ ихтисослашув фанлари доирасида амалга оширилади.

Давлат тест маркази томонидан бериладиган умумтаълим фанини билиш даражаси тўғрисида давлат сертификатга эга ҳамда чет тили фани бўйича B1 ва ундан юқори B2, C1, C2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга эга бўлган ўқувчилар тегишли фандан ҳамда чет тили фанидан мактаб педагогика кенгашининг қарори асосида якуний назорат имтиҳонларидан озод этилади.

Маълумот учун, жорий ўқув йилида мактабларни 390 мингдан ортиқ ўқувчилар битиради.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

346

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг