Хоразмда 812 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Президент вилоят бўйича тақдимот билан танишди
Жамият
−
23 Март 2021
4157Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 23 март куни Хоразм вилоятида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Давлат раҳбари ўтган йилнинг охирида, 12-13 декабрь кунлари Хоразм вилоятида бўлиб, ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли бандлигини ошириш, инфратузилма иншоотлари қуриб, турмуш шароитларини яхшилаш бўйича кўрсатмалар берган эди. Тақдимотда, аввало, шу борада бажарилган ишлар тўғрисида маълумот берилган.
Айтиб ўтилишича, жорий йилнинг январь-март ойларида 188 та лойиҳа ишга туширилиб, 1 минг 726 та иш ўрни яратилган. Сув тежовчи технологияларни татбиқ этиш орқали 4 минг гектарга яқин ер фойдаланишга киритилган. Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт марказининг Хоразм филиали ташкил қилинган. Амударё устида янги темир йўл кўприги қурилиши бошланган. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Вилоятдаги силжишларни изчил давом эттириш мақсадида жорий йил учун 812 та инвестиция лойиҳаси шакллантирилган. Умумий қиймати 1 миллиард 320 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳаларнинг 770 таси ҳудудий, 42 таси тармоқларники.
Соҳалар бўйича айтганда, уларнинг 273 таси саноат, 277 таси хизмат кўрсатиш, 262 таси қишлоқ хўжалигига оид. Бу лойиҳалар натижасида 23 мингдан ортиқ иш ўрни ташкил этиш, 65 миллион долларлик товар ва хизматлар экспорт қилиш мўлжалланган.
Тўқимачилик, автомобилсозлик, электр техникаси ва озиқ-овқат саноати, туризм, хизматлар, иссиқхона хўжалиги Хоразм вилоятининг асосий “ўсиш нуқталари” сифатида белгиланган.
Масалан, пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан 49 та лойиҳа таклиф этилган. Уларнинг самарасида вилоятда етиштирилаётган пахтани қайта ишлаш даражаси 2 баробардан зиёд ўсиб, айрим кўрсаткичлар бўйича 100 фоизга етади. Хусусан, ип-калава тайёрлаш қуввати 47 минг тоннадан 104 минг тоннага, мато ишлаб чиқариш 9 минг тоннадан 49 минг тоннага, тайёр кийим-кечаклар 47 миллион донадан 152 миллион донага ортади. Шундай корхоналар жорий йилда Қўшкўпир, Шовот, Янгиариқ, Боғот туманларида ишга тушади.
Хабарга кўра, автомобилсозликда 100 турдаги кузов деталлари, турли эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш бўйича 6 та лойиҳа амалга оширилади. Бу маҳсулотлар 20 миллион долларлик импорт ўрнини босиши билан аҳамиятли. Натижада Питнакдаги заводнинг локализация даражаси 36 фоиздан 45 фоизга чиқади.
Қурилиш материаллари саноатида 85 та лойиҳа режалаштирилган. Масалан, Урганч шаҳрида газоблок, керамик плита, гипсокартон ишлаб чиқарилади, “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасида гулқоғоз тайёрлаш лойиҳаси кенгайтирилади.
Мазкур эркин иқтисодий зонада электр двигателлар, Хива шаҳрида гилам ва полипропилен иплар ишлаб чиқариш корхоналари ҳам ишга туширилади.
Қишлоқ хўжалигида ерларни лазер ёрдамида текислаш ва томчилатиб суғоришни кенг жорий этиш бўйича ишлар бошланган. Бу орқали пахтачиликда ҳосилдорликни 35 центнерга, ғаллачиликда 66 центнерга етказиш мақсад қилинган.
Маълумки, Хоразм гуручининг донғи кетган, унга бозорда талаб доим юқори. Лекин вилоятда ер ва сув имкониятлари чеклангани сабабли шолини исталганча экиб бўлмайди. Шу боис яхши нав танлаш ва хориж технологияси асосида экиш орқали бор ердан кўп ҳосил олиш чоралари кўрилмоқда. Бунинг учун Хитойдан Хоразм тупроқ-иқлим шароитига мос навлар келтирилади. Ўтган йилгича майдонда, лекин ундан 50 минг тонна кўп маҳсулот олинади. Бу 684 миллиард сўм қўшимча даромад деганидир. Қолаверса, бу омилкорлик натижасида йилига 113 миллион куб метр сув тежалади.
Маълум қилинишича, озиқ-овқат хавфсизлиги ва нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида жорий йилда ўтган йилга нисбатан 151 минг тонна кўп мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштириш режалаштирилган. Шунингдек, чорва сонини кўпайтириш бўйича 20 та, паррандачилик йўналишида 24, балиқчиликни саноат усулида ривожлантириш бўйича 8 та лойиҳа амалга оширилади.
Тақдимотда туризм, энергетика, чарм-саноат, заргарлик, қурилиш соҳасига доир лойиҳалар ҳам кўриб чиқилган.
Давлат раҳбари мазкур режаларни маъқуллаб, шу билан бирга қўшимча лойиҳаларни шакллантириш вазифасини қўйган. Маҳаллаларда “ўсиш нуқталари”ни топиб, иш ўринларини кўпайтириш, уларга ишсиз аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни жойлаштириш, ўзини ўзи банд қиладиган ташаббускорларни қўллаб-қувватлаш юзасидан топшириқлар берган.
LiveБарчаси