Хитойнинг вирус тарқалган хавфли ҳудудида 72 ўзбек боласи борлиги аниқланди
Жамият
−
29 Январь 2020
9508Хитойнинг коронавирус тарқалган мураккаб эпидемик вазият ҳукм сураётган ҳудудида 72 нафар ўзбекистонлик талаба яшаб келмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати хабар бермоқда.
Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги мутасаддиларидан айни кунларда Хитойда бўлиб турган ўзбекистонлик ёшлар аҳволи ҳақида маълумотлар олган.
Ушбу маълумотларга кўра, ҳозирда Хитойнинг коронавирус тарқалган мураккаб эпидемик вазият ҳукм сураётган ҳудудида 72 нафар ўзбекистонлик талаба мавжуд бўлиб, улар билан Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси, Бош консулхонаси хизмати ходимлари ҳамда университет маъмурлари томонидан доимий мулоқот олиб борилмоқда.
“Ўзбекистонлик талабаларнинг соғлиғи билан боғлиқ ҳеч қандай шикоятлар мавжуд эмас. Вазият тўлиқ назоратга олинган”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Хитойнинг Ухань шаҳрида пайдо бўлиб, дунёга тарқалаётган янги 2019-nCoV коронавирусидан бугунгача 132 киши ҳалок бўлди. Хитойда ушбу вирусга чалинганлар сони 5974 нафарни, дунёда эса 6062 нафарни ташкил этяпти.