Хитой ва АҚШ раҳбарлари G20 саммитида учрашув ўтказади
Олам
−
31 Май 2019
3296ХХР раиси Си Цзиньпин ва АҚШ президенти Дональд Трамп Осака шаҳрида 28-29 июнь кунлари бўлиб ўтадиган G20 саммити доирасида учрашув ўтказади. Бу ҳақда South China Morning Post нашри хабар тарқатди.
Учрашув доирасида ҳар икки томон вакиллари савдо-иқтисодий масалаларни муҳокама қилади ва давлатлар ўртасидаги товар олди-сотдисида қўлланилаётган устама божлари юзасидан ҳам музокаралар ўтказади.
Маълумот учун, жорий йил 5 май куни АҚШ Президенти Дональд Трамп 10 май санасидан Хитойдан олиб кирилаётган маҳсулотларга 25 фоиз бож солиниши ҳақидаги хабар берган эди. Унга кўра, Хитойдан АҚШга киритилаётган маҳсулотларнинг илк 200 миллиардлик қисмига 25 фоизлик бож солиғи солинади. 200 млрд.дан ошганига 10 фоизлик бож солиғи солинади.
Бунга жавобан Хитой Халқ Республикаси давлат кенгаши АҚШ товарларига нисбатан божхона тарифларини оширганди. Унга кўра АҚШнинг 2493 номдаги маҳсулотлари учун 25 фоиз, 1078 турдаги товарларга 20 фоизлик устамалар қўлланилиши белгилаб қўйилди. Шунингдек, 974 турдаги маҳсулотларга 10, тўртинчи гуруҳга кирувчи 595 хил товарга 5 фоизлик устамалар белгиланди.
Хитой ва АҚШ ўртасида савдо уруши 2018 йил 6 июлда бошланган эди. Бу ҳақда Жаҳон банки президенти Жим Ён Ким ривожланаётган мамлакатларни келажакда савдо баҳсларига тайёр туришга чақириб, “Савдо зиддиятлари кучайишидан олдин бу мамлакатлар тайёргарлигини кўриши, уларга маслаҳат беришимиз керак. Ҳозир ҳар бири билан шу мавзуда гаплашяпмиз”, деганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь