Хитой Ўзбекистоннинг мустақиллигини тан олмайдими? 

Таҳлил

Хитойнинг Франциядаги элчиси Лу Шай постсовет давлатларининг, жумладан, Ўзбекистоннинг ҳам суверенитетини шубҳа остига олиб, дипломатик можаро келтириб чиқарди.

Воқеалар ривожи қуйидагича:
 
Франциялик тележурналист Дариус Рошебен “La Chine Info” телеканали эфирида Хитой элчиси Лу Шайдан Қрим бўйича ўз позициясини аниқлаштиришни сўради ва элчи саволга тўғридан-тўғри жавоб берди: 

“Ярим орол ҳудуди Украинага тегишлими? Бу муаммони қандай қабул қилишингизга боғлиқ”, деб жавоб берди дипломат ва Қрим “бошданоқ руслар”нинг ери эканлигини қўшиб қўйди.

Унинг айтишича, Қрим тарихан Россиянинг бир қисми бўлган ва ҳудуд Украинага собиқ Совет раҳбари Никита Хрушчёв томонидан совға қилинган. Журналист унинг бу гапига жавобан халқаро ҳуқуқ Қримни Украина ҳудуди сифатида тан олишини таъкидлаган.  Шундан сўнг эса Лу Шай, у постсовет давлатлари, жумладан, Ўзбекистоннинг ҳам суверенитети кучли ҳуқуқий асосга эга эмаслигини айтган.

“Ушбу собиқ СССР давлатлари халқаро ҳуқуқда ҳақиқий мақомга эга эмас, чунки уларнинг суверен мақомини амалга ошириш бўйича халқаро шартнома йўқ”, деган Хитой элчиси.

Шу сабабли у постсовет чегаралари масаласида “беҳуда мунозаралар”ни бас қилишга ҳам чақирган.
Мазкур телемулоқот эфир юзини кўриши билан Франция, Украина ва Болтиқбўйи мамлакатлари яъни Латвия, Литва ва Эстония элчининг бу гапларини кескин танқид қилди, Хитой элчисининг Украина суверенитетини шубҳа остига қўйганидан хавотирда эканини айтиб, ўз норозилигини очиқчасига билдира бошлади.

Хусусан, Франция Хитой ҳукуматидан Лу Шайнинг изоҳларига аниқлик киритишни талаб қилди.
Франция якшанба кунининг ўзидаёқ бунга жавобан узоқ йиллик зулмдан сўнг” мустақилликка эришган барча жабрланган иттифоқдош давлатлар билан “тўлиқ бирдам”лигини эълон қилди.

“Хитойнинг Франциядаги элчисининг 1991 йилда Совет Иттифоқи қулаши билан мустақилликка эришган давлатлар чегараларига оид сўзларини хавотир билан эшитдик.
Биз йиллар давомидаги зулмдан сўнг узоқ кутилган мустақилликка эришган барча иттифоқчиларимиз ва манфаатдор ҳамкорларимиз билан тўлиқ бирдамлигимизни билдирамиз”, деган Франция ТИВ вакили Бенжамин Ҳаддед.

Шунингдек, Франциялик сиёсатчи Хитой элчисининг Украина ҳақидаги гапларига ҳам алоҳида тўхталган.

“Хусусан, Украина масаласига келсак, у 1991 йилда бутун халқаро ҳамжамият, хусусан, Хитой томонидан СССРнинг қулаши билан Бирлашган Миллатлар Ташкилотига янги аъзо давлат сифатида чегаралар ичида, халқаро миқёсда тан олинган, шу жумладан, Қрим ҳам”, деган у.

Вакилнинг қўшимча қилишича, Хитой бу изоҳлар ўз позициясини акс эттирадими ёки йўқ буни тезлик билан аниқлаштириши керак. Шунингдек, Франция департаменти жавоб салбий бўлишига умид билдиради.

Лу Шайнинг мазкур можароли гапларини эшитган Болтиқбўйи мамлакатлари ҳам жим ўтиргани йўқ. Латвия, Литва ва Эстония ташқи ишлар вазирликлари Хитой Халқ Республикасининг ўз мамлакатларидаги элчиларини зудлик билан чақиртирди. Хитойнинг Рига, Вилнюс ва Таллиндаги элчилари 24 апрель, душанба куниёқ Латвия, Литва ва Эстония ташқи ишлар вазирликларида пайдо бўлиши лозимлиги айтилган.

Латвия департаменти раҳбари Эдгар Ринкевич ўзининг Twitter саҳифасида Рига “Хитой томонининг тушунтириши ва бу баёнотнинг тўлиқ рад этилишини” кутаётганини ёзди.

“Хитойнинг Франциядаги элчисининг халқаро ҳуқуқ ва халқлар суверенитети тўғрисидаги сўзлари мутлақо қабул қилиниши мумкин эмас”, дея таъкидлаган латвиялик вазир.

Ринкевичнинг сўзларига кўра, Хитойнинг Ригадаги элчихонаси ишлари бўйича ваколатли вакилнинг тушунтиришлар учун чақируви Литва ва Эстония билан келишилган.

Эстония томони ҳам Франциядаги хитойлик дипломатнинг Эстония ва собиқ Совет Иттифоқининг бошқа давлатларининг суверенитети ҳақидаги баёнотига изоҳ беришни истайди. 

“Хитой Халқ Республикаси вакилининг шундай қарашлари борлиги ачинарли. Бу позицияни тушуниб бўлмайди. Хитой вакилининг мустақил ва суверен давлатлар ҳақидаги шарҳлари ёлғон ва тарихни нотўғри талқин қилишдир.
Болтиқбўйи давлатлари халқаро ҳуқуқ бўйича 1918 йилдан бери суверен, аммо 50 йил давомида босиб олинган”, дея ўз муносабатини билдирган Эстония ташқи ишлар вазири Маргус Цахкну.

Вазирнинг таъкидлашича, Таллиннинг мақсади “бундай қарашлар қабул қилиниши мумкин эмаслиги ва Эстония суверен давлат эканлигини тушунтиришдир”.

Литва Ташқи ишлар вазири Габриелиус Ландсбергис эса жаҳли чиққанини яшириб ўтирмади ва ўзининг Twitter саҳифасида Хитойни кескин танқид қилди.

“Агар кимдир ҳали ҳам Болтиқбўйи мамлакатлари Хитойнинг “Украинада тинчликка воситачилик қилишига” ишонмаслигига ҳалигача ҳайрон бўлса, мана Хитой элчиси Қримни Россияники, деб даъво қилмоқда. Унинг айтишича, мамлакатларимизнинг ҳеч қандай ҳуқуқий асоси йўқ эмиш”, деган у.

Украинанинг Франциядаги элчиси Вадим Омелченко ҳам қараб ўтирмай, Хитой вакили Лу Шайнинг сўзларига жавоб қайтарди. Унинг фикрича, хитойлик ҳамкасбининг “география билан боғлиқ аниқ муаммолари” бор. 

“Унинг география билан боғлиқ муаммолари бор. Ёки бундай баёнотлар Пекиннинг “халқаро ҳуқуқ ва БМТ Низомининг мақсад ва тамойиллари асосида Украинада тинчликни тиклашга қаратилган саъй-ҳаракатлари тўғрисидаги” позициясига мос келмайди.
Одатдагидек “Қрим кимга тегишли?” деган савол берилди.
Кейинги сафар “Владивосток кимга тегишли?” деган савол бериб саволни кенгайтиришса яхши бўларди.
Ноаниқликка ўрин йўқ. Қрим бу – Украина!
Совет империяси энди мавжуд эмас. Ҳикоя олдинга силжийди”, деб изоҳ ёзган украиналик дипломат ўзининг Twitter саҳифасида.

Шунингдек, Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг катта ёрдамчиси Михаил Подольяк ҳам ўз Twitter’ида мазкур воқеага муносабатини билдириб ўтди.

“Барча постсовет давлатлари халқаро ҳуқуқда мустаҳкамланган аниқ суверен мақомга эга. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашидан алдов йўли билан ўрин олган Россиядан ташқари. Минг йиллик тарихига пухталик билан қарайдиган мамлакат вакилидан “Қрим тарихи”нинг бемаъни вариантини эшитиш ғалати. Агар сиз йирик сиёсий ўйинчи бўлишни истасангиз, рус аутсайдерларининг ташвиқотини тўтиқуш каби такрорламанг...”, деб ёзди у.

Россия Давлат думаси ҳам Лу Шайнинг гапларига муносабат билдирди. Севастополь депутати Дмитрий Белик мазкур баёнотни “Россияга қарши иситмада бўлган Ғарбдаги иссиқ бошлар учун совуқ душ” деб атади. Бу ҳақда у “РИА Новости”га берган интервьюсида гап очган.

Унинг таъкидлашича, барча йирик давлатлар раҳбарлари Қримнинг Россия таркибига кириши демократияга асосланган адолатли ва табиий тарихий қадам бўлганини тушунишади.

“Яна бир нарса шундаки, у Қўшма Штатларнинг геосиёсий қонунларига тўғри келмади. Аммо оқ ранг бирданига қора рангга айланмайди, шунинг учун фақат анъанавий қадриятларни ва ҳақиқий демократик асосларни рад этмаган давлатлар бугун адолат учун кураша олади. Россия ва Хитой ҳам шундай давлатлар рўйхатида”,  дея таъкидлаган Белик.

Хитой вакили Лу Шай ҳам телеэфир давомида Россия тарафини яхшигина олган энг муҳими Россия ва Украина ўртасида ўт очишни тўхтатишга эришиш эканлигини айтганди.

“Россия раҳбарияти томонидан музокараларни бошлаш истаги бор, Украина томони ҳам музокаралар ўтказиш истагини билдирган” деган фикрни айтди. “Аммо менимча, америкаликлар урушнинг тугашини истамаяпти, НАТО аъзолари эса Украинага қурол етказиб беришда давом этмоқда”, деган эди Хитой элчиси.

Хитой вакилининг собиқ совет мамлакатларининг, хусусан, Ўзбекистоннинг ҳам бугунги мустақиллигини шубҳа остига олгани ҳақидаги гапларига Ўзбекистон нима деб жавоб қайтарди?

Ҳеч қандай! Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги бу ҳақида лом-мим дегани йўқ. Ташқи ишлар вазирлиги томонидан эълон қилинган энг сўнгги хабарлар эса вазир Бахтиёр Саидовнинг Белгия Ташқи ишлар вазири Ҳаджа Лаҳбиб Хоним билан учрашгани ва Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Европа Комиссияси вице-президенти Жозеп Боррель билан Ўзбекистондаги муҳим ислоҳотларни қўллаб-қувватлашда ҳамкорликни кенгайтириш масалаларида музокара ўтказгани ҳақидаги хабар бўлди.

Шунингдек, айни пайтда Лу Шай билан бир жойда, Францияда бўлган, Хитой вакили билан учрашиш, ундан айтган гаплари бўйича изоҳ талаб қилиш имкониятига эга бўлган Ўзбекистоннинг Франциядаги элчиси Сардор Рустамбоев ҳам Хитойлик ҳамкасбининг гапи бўйича ҳатто ўзининг ижтимоий тармоқларидаги саҳифалари орқали ҳеч нарса демади. У охирги марта Парижда “Ўзбекистонлик. Generating ideas” халқаро форуми бўлиб ўтгани ҳақидаги хабарни ўзининг Facebook саҳифасида бўлишди. Эълон қилинган суратлардан кўриш мумкинки, Хитой элчисининг постсовет мамлакатлари северенитетини шубҳа остига олган гаплари бутун дунё бўйлаб муҳокама бўлаётган бир пайтда у Париждаги тантанавор тадбирда сўзга чиққан ва нутқ сўзлаётган бўлган.

Бу орада эса бугун, 24 апрель куни Хитой ҳукумати ўз элчисининг 21 апрелдаги шов-шувли интервьюсига изоҳ беришга улгурди. https://qalampir.uz/n/81375 
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мао Нингга кўра, мамлакатнинг Қрим бўйича позицияси ўзгармаган ва Хитой барча мамлакатлар суверенитетини ҳурмат қилишда давом этади.

“Хитойнинг тегишли масала бўйича позицияси ўзгармади. Ҳудудий суверенитетга нисбатан Хитойнинг позицияси доимо аниқ бўлиб келган. Хитой барча мамлакатлар суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилади ҳамда БМТ Низомининг мақсад ва тамойилларини қўллаб-қувватлайди”, деган Мао Нинг.

Унинг қайд этишича, Хитойнинг Украина масаласидаги позицияси аниқ ва изчил. Хитой халқаро ҳамжамият билан Украина инқирозини сиёсий йўл билан ҳал қилишга ҳисса қўшишда давом этишга тайёр, бироқ айрим оммавий ахборот воситалари Хитойнинг Украина масаласидаги позициясини нотўғри талқин қилаётгани ҳамда Хитой ва тегишли давлатлар ўртасида келишмовчиликни келтириб чиқараётганини айтган Мао.
Бундан ташқари, у Хитой СССР таркибига кирган барча республикаларнинг суверенитетини ҳурмат қилишини ҳам таъкидлаган.

“СССР парчаланганидан сўнг Хитой биринчилардан бўлиб турдош давлатлар билан дипломатик алоқалар ўрнатди. Дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан бери Хитой доимо ўзаро ҳурмат ва тенг ҳуқуқлилик тамойилига амал қилиб, икки томонлама дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини ривожлантирди. Хитой Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин тузилган республикаларнинг суверен мақомини ҳурмат қилади”, деган у.

Лекин Хитой номидан биз юқорида тилга олган гапларни айтиб юборгани учун элчига қандай чора кўрилишига қўшимча изоҳ бермаган.

Маълумот учун, 1954 йил 19 февралгача Қрим СССР таркибига кирган. Кейин эса Украина таркибига ўтган. 2014 йилда ярим оролда референдум ўтказилиб, натижада, ўша йилнинг март ойида Қрим Россия таркибига кирди. Овоз бериш натижалари аксарият давлатлар томонидан тан олинмагани боис бугунгача ҳар икки давлат ўртасида ҳудуд учун кураш давом этиб келади. Москва эса бу ҳудудларга эгалик масаласи муҳокама учун ёпиқ эканлигини бир неча бор таъкидлаган.

Постсовет давлатларини тан олиш масаласи эса БМТ томонидан 30 йил аввал ҳал қилиб бўлинган. Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин жаҳон ҳамжамияти унинг ҳудудида пайдо бўлган суверен давлатларни тан олиш тўғрисида қарор қабул қилиши керак эди. Беларусь, Украина ва Россия БМТдаги ўз ўринларини автоматик равишда сақлаб қолишди, қолган республикалар эса тан олиш тартибидан ўтишлари керак эди. Болтиқбўйи мамлакатлари буни биринчи бўлиб амалга оширган яъни 1991 йил кузида. 1992 йил 2 мартда саккиз постсовет давлати (Озарбайжон, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон) Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлди. Грузия 1992 йил 31 июлда БМТга аъзо бўлган постсовет давлатларининг охиргиси сифатида тан олинган. Яъни мазкур мамлакатларнинг, жумладан, Ўзбекистоннинг ҳам мустақил давлат экани аниқ, бунга халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар етарли.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг 14 сентябрь куни Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг