Хитой Германия самолётига лазер билан ҳужум уюштирди

Олам

image

Хитой ҳарбийлари Германияга тегишли самолётни лазер билан нишонга олди. Бу ҳақда Германия Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу воқеа 2023 йилдан бошлаб Европа Иттифоқи томонидан Қизил денгиз, Ҳинд океани ва Форс кўрфазида хавфсизликни таъминлаш мақсадида бошланган “Аспидес” операцияси доирасида содир бўлган. Ушбу операция Ямандаги ҳусийлар томонидан фуқаролик кемаларига уюштирилаётган ҳужумлар фонида йўлга қўйилган.

“Немис ҳарбий ходимлари ҳаётига таҳдид ва операцияга халақит берилиши мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолатдир. Бугун Хитой элчиси Дэн Хунбо Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди”, дейилади вазирлик баёнотида.

“Focus” нашрининг ёзишича, воқеа жорий йилнинг июль ойи бошларида юз берган. Қуролли кучлар амалиётида лазер билан нишонга олиш ҳеч бўлмаганда таҳдидли ҳаракат сифатида баҳоланади.

Германия Мудофаа вазирлиги вакили “Focus”га берган изоҳида Хитой ҳарбий кемаси ҳеч қандай сабаб ва огоҳлантиришсиз Қизил денгиз устида патруль парвозини амалга ошираётган немис самолётига лазер нурларини йўналтирган. Унга кўра, бу самолёт кўп сенсорли кузатув тизими билан жиҳозланган бўлиб, ўтган йил октябридан буён “Аспидес” миссиясида қатнашмоқда ва “учувчи кўз” сифатида денгиз ҳудудларини узоқ масофадан разведка қилишда муҳим роль ўйнайди.

Қайд этиш жоиз, Қўшма Штатлар ҳам бунгача Хитой ҳарбийларини АҚШ учувчиларини кўр қилишга уринганликда бир неча марта айблаган. 2018 йилда Пентагон Жибутида шундай уч ҳолат қайд этилганини эълон қилган. Ҳар сафар лазер нурлари АҚШнинг Camp Lemonnier базасига яқин жойлашган Хитой ҳарбий базасидан чиққани аниқланган. Пентагон маълумотига кўра, икки нафар АҚШ пилоти жиддий жароҳат олган. Вашингтон Пекинга расмий норозилик билдириш билан бирга, ҳодисани тергов қилишни талаб қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия Хитой лазер ҳужуми

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг