“Халқ сиздан қўрқади”. Машҳур блогер Путинга кескин мурожаат йўллади (видео)
Олам
−
16 Апрель 10464 3 дақиқа
Блогер ва телебошловчи Виктория Боня Россия Президенти Владимир Путинга видеомурожаат йўллади. У ўз мурожаатини “халқ номидан” қилганини, чунки оддий одамлар ва давлат раҳбари ўртасида “қалин девор” бор деб ҳисоблашини билдирган. Унинг 18 дақиқалик мурожаати ўзининг Instagram саҳифасида эълон қилинган.
Хусусан, Виктория Боня Доғистондаги сув тошқинлари мавзусида гапирган.
“Нима учун дастлабки 24-48 соат, ҳатто 72 соат ичида ҳеч қандай ёрдам берилмади? Нима учун фақат 10 кундан кейин бу ҳақда гапира бошлашди? Нима учун даҳшатли фалокат юз бермоқда? Кейингиси – Анапа... Онам Анапада яшайди, у ерда яна мазут доғи пайдо бўлган, бунинг ҳеч қандай яхши томони йўқ. Улкан мазут доғи коинотдан ҳам кўриниб турибди... Одамлар ҳозир қушларни ўз қўллари билан тозалашмоқда, мазутни яна ўз қўллари билан йиғишмоқда” дейди у.
Шунингдек, Виктория Боня ҳукуматнинг “Қизил китоб”га киритилган ҳайвонларни овлашга рухсат бериш тартиби тўғрисидаги қарор лойиҳасини ҳам тилга олган. Бундан ташқари, блогер Новосибирск вилоятида чорва молларини мусодара қилиш билан боғлиқ вазиятга эътибор қаратган.
“Биласизми, шунчаки келиб, ўлдириб кетишган. Кимдир гапира бошласа, бошқаларга дарс бўлсин деб бўлимга олиб кетишган”, дейди у.
Блогер Россияда ижтимоий тармоқларнинг блокланишига ҳам тўхталган. Унинг сўзларига кўра, ижтимоий тармоқлар россияликларга “бир-бирига суяниш, чўкиб кетмаслик” имкониятини беради. Виктория Боня Max мессенжерида ҳам фирибгарлар учраётганини, баъзи хабарлар эса бошқа одамларга кетиб қолаётганини қўшимча қилган.
“Яна сиз қариндошлари билан боғлана олмайдиган жуда кўп одамларни бу имкониятдан маҳрум қилдингиз”, дейд блогер.
Шу билан бирга, у Россия халқи Президентдан қўрқишини айтган.
“Владимир Владимирович, сиздан қўрқишади. Халқ қўрқади, блогерлар қўрқади, артистлар қўрқади, губернаторлар қўрқади. Сиз эса мамлакатимиз Президентисиз. Менимча, биз қўрқмаслигимиз керак”, дейди Виктория Боня.
У Россия аҳолиси ҳозир нималар содир бўлаётгани ҳақида Президентга тўғридан тўғри ёза оладиган платформа яратишни таклиф қилган. Виктория Бонянинг мурожаатини блогер ва бошловчи Айза (ҳақиқий исми Айза-Лилуна Ай) ҳам қўллаб-қувватлаган. У Анапа, Новосибирск вилояти ва Доғистондаги вазиятларни санаб ўтган, шунингдек, ижтимоий тармоқлар, жумладан, Telegram’нинг блокланишини танқид қилган. Унинг сўзларига кўра, эндиликда “маълумот олиш имконияти тўлиқ ёпилган”.
Айза кўплаб маълумотлар Владимир Путингача “етиб бормаётган” бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.
“Мен, албатта, Президентимиз ҳақиқатан ҳам бехабар эканлигига чин дилдан умид қиламан... Аҳолининг 1 фоизида бор нарса нима учун 99 фоизида йўқлигини тушунмаяпман... Базавий эҳтиёжлар қондирилмаган”, дейди блогер.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 5 апрелга ўтар кечаси кучли ёмғирлар туфайли Доғистондаги сув тошқини бошланган эди. Шаҳар ва қишлоқларда уйларни сув босди, ҳудудда сув ва электр таъминотида узилишлар юзага келди. Тоғларда кўчки ва сел ҳодисалари кузатилди. Табиий офат оқибатида олти киши, жумладан, уч нафар бола ҳалок бўлди. Тошқиндан 6 мингдан ортиқ киши жабр кўрди. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 9 апрелдаги маълумотларига кўра, Доғистоннинг саккизта аҳоли пунктида 1091 та тураржой биноси, 1146 та томорқа ер участкаси ва 70 та йўл қисми сув остида қолган.
Шунингдек, жорий йилнинг 10 апрель куни Россия ҳукумати Telegram’ни блоклашни кучайтирди ва унинг даражасини деярли 100 фоизга етказди. Блогернинг мазкур мурожаати ушбу воқеалар фонида янгради.
Live
БарчасиСирдарёда сохта МИБ ходими қўлга тушди
16 Апрель