Кембриж луғатига 6 мингта янги сўз қўшилди

Бу қизиқ

image

Кембриж луғатига ижтимоий тармоқларда, ОАВда ва ундан ташқарида тобора кўпроқ ишлатилаётган 6 мингга яқин янги сўз, ибора ва жаргон сўзлар киритилди. Уларнинг орасида “skibidi”, “delulu” ва “broligarchy” каби сўзлар бор. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.  

Қайд этилишича, “skibidi” сўзи вазиятга қараб турлича маънога эга бўлиши мумкин – “зўр” ёки “ёмон”. Шунингдек, у ҳеч қандай аниқ маъносиз кулги учун ҳам қўлланилади. Сўз дастлаб рус аниматори Алексей Герасимов ишлаб чиққан YouTube'даги “Skibidi Toilet” номли 3D-сериалдан машҳур бўлган. Унда одам боши жойлаштирилган ҳаракатланувчи унитазлардан иборат “скибидилар” билан “агентлар” ўртасидаги кураш тасвирланади. “Skibidi” сўзи эса болгариялик қўшиқчи Biser King’нинг “Dom Dom Yes Yes” қўшиғи ремиксидан олинган.

“Delulu” – инглизча “delusional” (“хаёлпараст, реал бўлмаган нарсага ишонадиган”) сўзининг қисқартмаси ва бузилган шакли. “Tradwife” сўзи анъанавий гендер ролларига риоя қиладиган турмуш қурган аёлни тасвирлайди.

“Broligarchy” эса “bro” (“дўст”) ва “oligarchy” (“олигархия”) сўзларидан тузилган бўлиб, технология бизнесида ниҳоятда бой ва таъсирчан кичик гуруҳ одамларни ифодалайди. Бу атама АҚШда Жефф Безос, Илон Маск, Марк Цукерберг ва Дональд Трампга нисбатан ишлатилгани қайд этилган.

“Mouse jiggler” – бу компьютер дастури бўлиб, сичқонча курсорини автоматик равишда ҳаракатлантириб туради. Унинг мақсади – фойдаланувчи компьютерни фаол ишлатаётгандек кўрсатиш, яъни экранни блокланишдан ёки “offline” кўринишидан сақлаш. Бу дастур масофадан ишловчилар орасида машҳур, чунки у иш давомида мажбурий фаолият кўрсаткичлари (масалан, мессенжердаги “онлайн” белгиси ёки компьютернинг ухлаб қолмаслиги) учун қўл келади. “Forever chemical” (“абадий кимёвий модда”) эса экологик атама бўлиб, атроф-муҳитда узоқ вақт сақланиб қоладиган ва соғлиққа зарар етказадиган синтетик кимёвий моддаларни билдиради.

“Биз фақат долзарблигини сақлаб қоладиган сўзларни қўшамиз. Интернет маданияти инглиз тилини ўзгартирмоқда ва бу жараённи кузатиш ҳамда луғатда қайд этиш жуда қизиқарли”, дейди Кембриж луғати дастури раҳбари Колин Макинтош.

Маълумот учун, Кембриж луғати инглиз тилини ўрганувчилар учун асосий луғатлардан бири ҳисобланади. У мунтазам равишда тўлдириб борилади: 2024 йилда унга 3200 дан ортиқ янги сўз, ибора ва ифодалар қўшилган, сўнгги бир йил ичида эса 6000 дан ортиқ сўз қўшилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўзбек тилида кенг қўлланиладиган 40 та хорижий атама, жумладан, парол, навигация, маршрут каби сўзлар ўзбекчага таржима қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Кембриж луғати жаргон ибора

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар