Келинг, ажрашамиз! – Эр-хотин ўртасидаги мулк қандай бўлинади?

Фойдали

image

Мамлакатда ажралишлар сони кўпаймоқда. Рақамлар шу қадар каттаки, ажралишлар давлат даражасидаги муаммога айланди. Ёшлигимизда ажралиш қанчалик қийин жараён экани ҳақида хорижий фильмлардан кўрар эдик. Замона зайли билан ажралиш, алимент, мулкни бўлиш каби “бошоғриқлар” бизга ҳам етиб келганига анча бўлди. Келинг, шу тушунчалар ичида эр-хотин ўртасидаги умумий мулк ўзи нима эканига аниқлик киритиб олсак. 

Кодекс ва никоҳ шартномаси

Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 23-моддасида эр-хотин ўртасидаги умумий мулк тушунчасига тўхталиб ўтилган. Унга кўра, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклариумумий мулк ҳисобланади. 

Юқоридаги ҳолатда бир истисно мавжуд. Агар эр-хотин ўртасида никоҳ шартномаси тузилган ва унда умумий мулк ҳақида қандайдир бандлар киритилган бўлса, унда шартнома қоидалари кўпроқ “тарозини босади”. Бундан шуни тушуниш мумкинки, кодекс қоидаларидан кўра, икки ёш ўртасида тузилган никоҳ шартномаларининг кучи кўпроқ. 

Эр-хотин ўртасида орттирилган мулк

Эр-хотин ўртасида орттирилган мулк ҳақида ҳам кодекснинг юқоридаги моддасида белгиланган. Демак улар:
•    эр ва хотин ҳар бирининг меҳнат фаолиятидан даромадлари;
•    тадбиркорлик фаолиятидан даромадлари;
•    интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлари;
•    пенсиялар, нафақалар;
•    моддий ёрдам суммалари;
•    турли компенсациялар;
•    кўчар ва кўчмас ашёлар;
•    қимматли қоғозлари, пайлари, омонатлари;
•    кредит муассасаларига ёки бошқа тижорат ташкилотларига киритилган капиталдаги улушлари в.ҳ.

Умумий мулкни сарфлаш ва фойдаланиш

Агар ўртадаги мулк улушли тартибда бўлишнинг иложи бўлса, бу томонлар келишуви билан ҳал қилинаверади. Фуқаролик кодексининг 218-моддасига биноан, тарафлар ўзларининг хоҳишлари билан улушни сотишга, совға қилишга, васият қилиб қолдиришга, гаровга беришга ёки бошқача тарзда тасарруф этишга ҳақли. 

Шу ўринда, умумий мулк ва эр-хотиннинг ўз мулкларини фарқлаб олиш лозим. Уларнинг сарфи, совға қилиш ва уларга эгалик қилиш ҳам шунга қараб амалга оширилади. Бунда мол-мулкни никоҳга қадар олингани ёки олинмагани муҳим омиллардан биридир. Агар мол-мулкни никоҳ қургандан сўнг олинса, бу эр (ёки хотин)нинг фақат ўзигагина тааллуқли бўлади. 

Агар никоҳ давомида бирор мол-мулк ҳадя, мерос тариқасида ёки бошқа бепул битимлар асосида олинган бўлса ҳам бу фақатгина эр ёки хотиннинг ўз мулки ҳисобланади. Эр ва хотин алоҳида яшаган даврда орттирган мол-мулк ҳам ўртада ҳисобланмайди. 

Аёллар томонидан кўпинча бериладиган савол шундайки, тақинчоқлар, аксессуарлар каби буюмлар мақоми қандай? Оила кодексининг 26-моддасида бу саволга жавоб бериб кетилган. Унга кўра, қимматбаҳо буюмлар ва зебу-зийнатлардан бошқа шахсий фойдаланишдаги буюмлар (кийим-бош, пойабзал ва бошқа шу кабилар) эр ва хотиннинг ҳусусий мулки ҳисобланади. Гарчи, бу эр ва хотиннинг умумий маблағи ҳисобига олинган бўлса ҳам.

Мол-мулкни бўлиш мумкинми?

Эр ва хотиннинг умумий мол-мулки эр ва хотин ўртасида ўзаро келишув асосида бўлиб олиниши мумкин. Бунда нотариал тартибда тасдиқланади. Агар низо чиққудек бўлса, мулкни бўлиш суд тартибида амалга оширилади.
 
Болалар буюмлари (кийим-бош, пойабзал, мактаб ва спорт жиҳозлари, мусиқа асбоблари, болалар кутубхонаси ва бошқалар) бўлинмайди ҳамда болалар эр ва хотиндан қайси бири билан яшаса, унга шундайлигича топширилади. 

Умумий мол-мулкни бўлишда эр ва хотиннинг умумий қарзлари уларга белгиланган улушларга мутаносиб равишда ҳар иккаласи ўртасида тақсимланади. 

Агар эр ва хотиндан бири умумий мол-мулкни турмуш ўртоғининг эркига зид равишда сарфлаган ёки бошқа шахсга бериб юборган бўлса, бу албатта бўлиш жараёнида ҳисобга олинади. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

857

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг