Келажак стадионлари қандай бўлади? Энг антиқа 6 та стадион лойиҳаси тақдим этилди

Бу қизиқ

image

АҚШ, Хитой ва Италия каби мамлакатлар учун етакчи архитектура студиялари томонидан олтита йирик стадион лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда “Dezee” интернет сайти хабар бермоқда.

“Forest Green Rovers” стадиони

Буюк Британияда қуриладиган “Forest Green Rovers” 5000 ўринли дунёдаги биринчи ёғоч стадион бўлиши кутилмоқда. 20 метр баландликдаги ёғоч конструкциядан иборат бўлган стадион ўзининг экологик ва энергия самарадор иншоотлиги билан бошқалардан ажралиб туради. Стадион шаффоф қурилиш ашёси билан қопланади. Бу эса яшил майдоннинг қуёш нури остида ўсишига имкон беради. Шунингдек, мусобақа давомида ўйинчиларни чалғитиши мумкин бўлган сояларни камайтиради. Бу стадионни FIFA дунёнинг энг яшил футбол майдони, деб номлади. Иншоот “Zaha Hadid Architects ” компанияси томонидан лойиҳалштирилган.

Италия, Милан стадиони

Миланнинг “San-Siro” аренаси ўрнига 60 000 ўринли стадион қурилмоқда. Стадион тўртбурчак шаклга эга бўлиб, барча томондан қуёшдан қувват олувчи панеллар билан қопланади. Шунингдек, стадион томи шаффоф ойна билан ёпилади ва томдан ёмғир сувлари йиғиб олиниб, фойдаланиш учун қайта тозаланади. Стадион атрофи фақат пиёдалар учун мўлжалланган йўлаклардан иборат. Автотураргоҳ эса ер остида бўлади ва 110 минг квадрат метр ҳудудда яшил майдон жойлаштирилади. Бу лойиҳа Буюк Британиянинг “Populous” студияси томонидан ишлаб чиқилган.

Ханчжоу халқаро спорт марказининг стадиони

Хитойнинг Ханчжоу спорт маркази умумий майдони 135 000 квадрат метрлик янги стадион қурмоқда. Иншоот 60 000 томошабинга мўлжалланган ўриндиқларни ўз ичига олади. Томошабинлар бу стадионда фақат спорт ўйинлари учун эмас, балки концертлар, турли хил тадбирларни кўриш учун ҳам келишлари мумкин. Стадионнинг фойдаланишга топшириш санаси ҳозирча номаълум.

“Santa Giulia” стадиони

“Zaha Hadid Architects” томонидан лойиҳалаштирилган яна бир “Santa Giulia” стадиони 16 000 томошабинга мўлжалланган бўлиб, спорт ва маданий тадбирлар учун ҳам хизмат қилади. Унинг томи улкан устунлар билан мустаҳкамланади, фасадлари эса ўсимликлар билан тўлдирилган терасаларни ўз ичига олади. Унинг қуриб битказилиши 2025 йилда режалаштирилган. Ноодатий стадион ҳар хил баландликдаги учта ҳалқа шаклида кўтарилади. Иншоот атрофи, том қисми, ташқи томони табиий ўсимликлар билан қоплаб олинади. Стадионнинг фаолияти 2026 йил Қишки Олимпия ўйинларидан бошланади.

“Feyenoord” стадиони

Голландияда энг катта 63 000 сиғимга эга “Feyenoord” стадиони лойиҳалаштирилмоқда. Стадион янги жойда ва жуда қулай транспорт ҳудудида жойлашади. Стадион ҳар хил турдаги зинапоялар ва лифтлар билан жиҳозланади. 

“Биллс” стадиони

Америкадаги ўзида тарихни жонлантирган “Биллс” стадиони лойиҳаси “Populous” компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Шунингдек, иншоотда шовқинни ўтказмайдиган технологиялардан, табиий энергиядан фойдаланилгани ҳам унинг дунё стадионлари ичида алоҳида ўринда бўлишини таъминлайди. Стадион 2026 йилнинг кузида фойдаланишга топширилади.

Нурмуҳаммад Файзуллаев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

580

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг