Кантенинг “Фенербаҳче”га трансфери барбод бўлди
Спорт
−
03 Февраль 1444 2 дақиқа
Туркиянинг “Фенербаҳче” клуби Саудия Арабистонининг “Ал-Иттиҳод” клуби томонидан ҳужжатларни расмийлаштиришда йўл қўйилган хато сабабли жаҳон чемпиони Н’Голо Кантени трансфер қила олмади. Бу ҳақда Истанбул клуби ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида маълум қилди.
Клуб баёнотига кўра, “Фенербаҳче” барча ҳужжатларни ўз вақтида ва тўғри расмийлаштирган, бироқ “Ал-Иттиҳод” вакиллари томонидан тизимга маълумотлар нотўғри киритилгани сабабли рўйхатдан ўтиш даврида трансферни якунлаш имкони бўлмаган.
Туркия томони трансфер муддати узайтирилишини сўрагани, шунингдек, Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (FIFA) билан зарур музокаралар олиб боргани ва муаммони ҳал этиш учун барча чораларни кўрганини маълум қилган. Шунга қарамай, келишув якунланмаган, “Ал-Иттиҳод” эса мазкур ҳолат юзасидан расмий изоҳ бермаган.
Маълумотларга кўра, Истанбул клуби ҳужумчи Юсуф Эн-Несири эвазига “Ал-Иттиҳод” ярим ҳимоячиси Канте билан алмашинув асосида трансферни амалга оширишни режалаштирган.
Маълумот учун, 34 ёшли Н’Голо Канте 2023 йилдан буён “Ал-Иттиҳод” сафида тўп суриб келмоқда. У аввалроқ Франциянинг “Булонь” ва “Кан”, шунингдек, Англиянинг “Лестер” ва “Челси” клубларида ўйнаган ҳамда ҳар бир инглиз жамоаси билан бир мартадан Англия Премьер-лигаси ғолибига айланган. Шунингдек, Канте “Челси” сафида Англия кубоги, Чемпионлар лигаси, Европа лигаси, UEFA Суперкубоги ва Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ҳам зафар қучган. 2018 йилда эса Франция терма жамоаси билан Жаҳон чемпиони бўлган.
Live
БарчасиЭнди Саудияда туяларнинг ҳам паспорти бўлади
05 Февраль