Камситилган мигрантлар бўйича Ўзбекистон ҳам Россияга мурожаат юборди
Олам
−
22 Январь
34767Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Россиядаги қурилиш объектларида ўтказилган рейдлар давомида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари мигрантларни чўккалаб юришга мажбурлагани ҳақидаги видео тарқалганди. Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Россияга мурожаат юборди.
Билдирилишича, воқеа ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан Россия миграция қонунчилигига амал қилиниши бўйича ўтказган рейд давомида юз берган. Ушбу рейддан олинган сурат ва видеоларда эса хавфсизлик кучлари ходимлари ўнлаб муҳожирларни қаторга қўйиб, ўтиришга мажбур қилгани акс этган. Айрим муҳожирларнинг ерга тиз чўкиб ўтиргани тасвирга олинган.
"Омбудсман юқоридаги ҳолат бўйича ҳам Россия Федерацияси Омбудсманига мурожаат қилиб, Россияда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг меҳнат ҳуқуқлари таъминланишида кўмак сўради", дейилади ушбу хабарда.
Шунингдек, қайд этилишича, Ўзбекистон ва Россия Омбудсманлари ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, мурожаатларни биргаликда кўриб чиқиш, жумладан Россия Федерацияси ҳудудида меҳнат қилаётган ўзбекистонликларнинг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича иш олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) Екатеринбургдаги муҳожирларга қарши ўтказилган рейдда ғайриинсоний усуллар қўллангани юзасидан Россия расмийларига мурожаат йўллаганди.
LiveБарчаси