Компьютер олдидаги кактус: нурланишдан ҳимоями ёки навбатдаги тўқима?
Бу қизиқ
−
20 Октябрь 2022 18429 2 дақиқа
Бугунги кунда компьютерлар ҳаётимизнинг ажралмас бир қисмига айланиб улгурди. Улардан фойдаланиш ишнинг унумдорлигини ошириш билан бир қаторда, ўзидан тарқатувчи электромагнит нурлар сабаб инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши ҳам ҳеч кимга сир эмас. Кўпчилик кактусларни организмни бу каби ҳолатлардан асровчи ягона ўсимлик сифатида билади. Шу ўринда савол туғилади: чиндан ҳам компьютер нурлари хавфлими, бу хавфни камайтиришда кактуслар тўғри танлов бўла оладими ?
Авваллари компьютердан тарқалаётган нурларнинг инсон саломатлиги учун хавф даражаси юқори эди. Эндиликда замонавий қурилмалардан келиб чиқадиган электромагнит тўлқинларнинг зарарли таъсири ҳам дастлабки қурилмалардан фарқли равишда камайган, яъни радиацияга қарши махсус ҳимоя мосламаси ўрнатилган. Шундай бўлсада, улар тарқатаётган нурларни мутлақо хавфсиз дейиш ноўрин.
Кактусларни компьютер яқинига қўйиш 90-йиллардан бошлаб одат тусига айланиб улгурган эди. Сабаби кактуслар монитордан чиқаётан нурларни ўзига сингдиради ва шу билан фойдаланувчини ҳимоя қилади, дея ишонилган. Бугунги кунда ҳам бундай қараш сақланиб қолган.
Олимлар бир овоздан тиканли ўсимликларнинг ҳимоя хусусиятлари реалликка мос келмайдиган афсонадир, дея ҳисоблайдилар. Хўш, бу фикр ҳақиқатга қанчалик мос келади ?
Кактуслар ҳақидаги қарашлар афсоналар орқали пайдо бўлган. Шундай афсоналардан бири гул дўконлари сотувчилари томонидан ўйлаб топилган. Кактуслар дастлаб Нидерландиядан Россияга сотиш учун олиб келинганида харидорларни жалб қилиш керак бўлган. Улар кактуслардан юқори даромад олиш мақсадида тиканли гулларнинг монитордан чиқадиган зарарли нурларни қайтариши ҳақидаги афсонани ўйлаб топишган.
Илмий нуқтаи назардан кактуслар бошқа турдаги ўсимликлардан фарқли тарзда электромагнит тўлқинлари мавжуд майдонда яхши ривожланиши исботланган. Демак, компьютер яқинида ўрнатилган бундай ўсимликлар зарарли тўлқинларни қайтармайди, балки бундай нурлар таъсирида ўзига керакли моддаларни олади ва ҳавони ионлар билан тўлдиради. Агар сиз компьютер қаршисида кўп вақт сарфласангиз, иш столингизга кактусни қўйишингизга ҳожат йўқ, шунчаки қуйидаги махсус кўрсатмаларга амал қилсангиз кифоя:
1. Монитордан камида 50 см масофа узоқликда ўтиринг;
2. Компьютердан фойдаланганда 10-15 дақиқа танаффус қилишга одатланинг;
3. Хонани тез-тез шамоллатиб туринг;
4. Махсус кўз машқларини бажаринг;
5. Компьютер қаршисида ўтирганда гавдани тўғри тутинг.
Рақамли технологиялардан тарқалаётган нурланиш қай даражада бўлмасин , инсон саломатлигига салбий таъсири шубҳасиз. Фақатгина улардан фойдаланишда меъёр ва юқоридаги тавсияларга риоя қилсаккина, ўз соғлигимизни сақлаб қолган бўламиз.
Адиба Раҳмонова
Live
Барчаси