Қутлов, ҳамкорлик, афғон инқирози... Мирзиёев ва Имрон Хон телефон орқали гаплашди
Жамият
−
26 Октябрь 2021
3242Бугун, 26 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида Покистон Ҳукумати раҳбари мамлакат етакчисини сайлов кампанияси муваффақиятли ўтказилгани ва Президент сайловида ишончли ғалабага эришилгани билан самимий қутлаб, дўст Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.
Ўзбекистон Президенти ва Покистон Бош вазири икки томонлама ҳамкорликда барқарор ривожланиш тенденцияси кузатилаётганини катта мамнуният билан қайд этдилар.
Жорий йил июль ойида ўтган Тошкент саммити давомидаги самарали учрашувлар кўп қиррали Ўзбекистон-Покистон муносабатларини аниқ мазмун билан бойитиб, стратегик шериклик даражасига кўтаришга хизмат қилди.
Ўзаро савдо кўрсаткичлари ортаётгани, икки мамлакат етакчи компанияларининг саноат кооперацияси кўлами кенгайиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Инвестиция, банк-молия, транспорт-коммуникация, гуманитар ва бошқа соҳаларда янги лойиҳа ва дастурлар ишлаб чиқилмоқда.
Афғонистонда вужудга келаётган вазият юзасидан ҳам фикр алмашилди. Ушбу мамлакатда тинчлик ўрнатилишига ва ижтимоий-иқтисодий тараққиётга эришишга кўмаклашиш мақсадида халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳим экани қайд этилди.
LiveБарчаси