“Қуллик учун келгансан” – яна бир ўзбекистонлик урушга мажбурланмоқда
Таҳлил
−
04 Октябрь 8655 9 дақиқа
Яширишнинг ҳожати йўқ, аллақачон минглаб Ўзбекистон фуқаролари ўзга мамлакатларда содир бўлаётган урушларда иштирок этмоқда. Кимдир ихтиёрий, кимдир алданиб, яна кимдир эса мажбуран. Бугун Сурияда қурол кўтариб Аш-Шара қўшини сафида турган ўзбекларнинг ўзларига рейдлар ўтказилиб, ҳибсга олинмоқда. Дунёнинг бошқа томони – Россия ва Украина урушида ҳам балогардон бўлаётган ўзбеклар тақдири эса ундан ҳам ёмонроқ. Украина Россия томонида жанг қилаётган, ҳалок бўлган, асир тушган ўзбеклар ҳақида кўп бора маълумотлар эълон қилди. Ўзбекистон паспортига эга мингдан ортиқ фуқаролар исм-фамилиялари ошкора чоп этилди. Аллақачон Россия фуқаролигини олган ўзбекистонликлар рўйхатга киритилмагани алоҳида қайд этилди.
Умуман олганда, империялистик қарашларга эга шахслар таъсирида қолган Россия ҳукумати марказий осиёлик мигрантларни урушга бехавотир юбориш мумкин бўлган, энг осон воз кечиладиган ва деярли ҳисоби сўралмайдиган арзон воситага айлантирди. Жангда ҳалок бўлган ҳар бир россиялик учун халқи олдида ҳисобдор шовинист рус ҳукумати учун хорижий мигрантлар “сафда бор, саноқда йўқ” қурол бўлиб хизмат қилмоқда.
“Тишини уриб синдиришган” – сурхондарёлик аёл ўғлининг соғлиғидан хавотирда
Мана шундай келажакка мажбурланаётган, аммо ҳамон қайтишга имкон бор деб ишонаётган, ҳозирда Россия томонидан ертўлада ушлаб турилган ўзбекистонлик йигитлардан бирининг онаси сурхондарёлик Рўзигул Бобоева QALAMPIR.UZ’га мурожаат қилди. Аёлнинг маълум қилишича, унинг 23 ёшли фарзанди Қурбонов Акбар Акрамжон ўғли шу йилнинг 30 июлида ишлаш учун Россия Федерацияси таркибидаги Татаристон Республикасига танишлари ёнига жўнаб кетади.
Акбар Қурбонов у ерда дастлабки бир ой давомида автомобиль қисмлари ишлаб чиқариш заводида ишлайди. Кейин эса онлайн тарзда иш топиб берувчи фирманинг ҳайдовчилик учун яхши даромад таклифига дуч келади. B; C категориядаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга Акбар мазкур эълон орқали қилинган келишувга ишониб, 8 сентябрь куни ёлғиз ўзи Ростов вилоятига жўнаб кетади. Йигит уни олдинда нима кутиб турганини ҳали билмасди.
Акбарга ҳайдовчилик ишига кириш учун тиббий кўрикдан ўтиши кераклиги ва бир ойлик ҳарбий хизмат мавжудлиги маълум қилинади. Тирикчилик ва бир сўмни икки сўм қилиш дардидаги бу йигит мазкур талаблардан шубҳаланиб ҳам ўтирмаган ва шунчаки ишга кириш талаби сифатида қабул қилган. Ўша бир ойлик хизмат деб даъво қилинган вақт мобайнида Акбарга ишга жойлашиш учун шартнома тузиш кераклиги айтилади, қоғозларда нима ёзилганини тушунмагани учун уларга қўл қўйишдан бош тортганида эса турли жисмоний тазйиқлар ўтказилади, 10 йилга қамаб юбориш билан қўрқитилади ва имзо чекишга мажбурланади. У шундагина вазият оғирлигини тушуниб етади ва ҳужжатларга атайин ўзгартириб имзо чекади.
Шундан сўнг, Акбар Қурбонов ҳарбий полигонга олиб кетилади. Онанинг сўзларига кўра, йигит у билан боғланиб турган қариндошлари маслаҳати асосида полигондан қочишга уринади, бироқ қўлга тушиб қолиб, ертўлага ташланади. Бобоеванинг таъкидлашича, ўғлида эгнидагидан бошқа кийим ҳам йўқ ва фақатгина қайнатилган гуруч билан боқилмоқда. Аммо она бундан ҳам ёмонроғи – жисмоний зўравонликлардан кўпроқ хавотирда. Чунки шундай қийноқлар остида Акбарнинг тиши уриб синдирилган. Буни у юборган видеоларда ҳам кўриш мумкин.
Ҳозирда Украинага тегишли Луганск вилоятининг Россия томонидан назорат қилинаётган ҳудудида ушлаб турилган Акбар Қурбоновнинг шахсий буюмлари, жумладан қўл телефони ҳам олиб қўйилган. У эса онаси билан ёнидаги мусулмон рус йигитнинг телефони орқали гаплашиб турибди: Акбарнинг Россиядаги қариндошлари рус аскарининг телефон рақамига пул ташлайди ва у гаплашишга рухсат беради. Ўша йигитнинг телефонидан юборилган видеоларда Акбар онаси орқали Ўзбекистон ҳукуматидан ёрдам сўрамоқда.
Аёлнинг қайд этишича, у шу вақтга қадар Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёевага мурожаат йўллаган. Бундан ташқари, у эшигини қоқмаган ташкилот ёки вазирлик қолмаганини, жумладан, Ташқи ишлар вазирлигига бир неча кундан бери қатнаётганини, бироқ бундан фойда бўлмай фақатгина бюрократия ишлари урчиётганини даъво қилмоқда.
Онанинг маълум қилишича, ҳозирда мажбуран ушлаб турилган йигитга Россия фуқаролигини олгач, урушга кетиши маълум қилинган. Бундан Россия ҳукумати мигрантларни урушга жўнатишда пухтароқ йўлга ўтган, деган хулоса чиқариш мумкин. Урушнинг дастлабки давридаги фуқаролик бериш ваъдаси энди мигрантлар учун олдингидек жозибадор эмас. Чунки тирик қайтиши кафолатланмаган, мина ҳудудларига ташланаётган ёлланма аскарларга Федерация фуқаролиги қизиқ эмас. Қолаверса, кўпгина давлатларда, хусусан, Ўзбекистонда икки фуқаролик тақиқланган ва шахс бошқа давлат фуқаролигига ўтган заҳоти мамлакат учун бегонага айланади. Бу эса Россия учун ҳеч ким сўраб-суриштирмайдиган одамни пайдо қилади.
Жанг майдонидаги ўзбекистонликлар
Уч ярим йилдан ошиқки давом этаётган бу урушда нега у ерда эканини тушуниб ҳам етмаган минглаб аскар ролидаги мигрантлар ҳалок бўлди ва бўлмоқда. Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистонда яшашни истамайдиган ва Россия фуқаролигини олган 20 минг нафар ёшлар урушга юборилганини айтиб чиққанди.
“Ҳарбий тергов бошқармамиз рейдлар ўтказмоқда. Россиянинг 80 минг нафар фуқаросини “овладик“, улар ҳарбий ҳаракатлар ҳудудига бориш у ёқда турсин, ҳатто ҳарбий комиссариатга ҳам боришни исташмайди. Бу 80 минг кишини “овлаб“, ҳарбий рўйхатга киритдик. Шунингдек, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистонда яшашни негадир ёқтирмайдиган 20 минг нафар “ёш“ Россия фуқаросини жанг майдонига жўнатдик”, деган эди Бастрикин 19 май куни Петербург халқаро ҳуқуқ форумида.
Украинанинг Россия томонида жанг қилаётган ва ўз ихтиёри билан асир тушишга тайёр аскарларга кўмаклашувчи “Хочу жить” лойиҳаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг бошидан буён 900 дан ортиқ ўзбекистонлик Россия томонидан урушга ёлланишга улгурган. Таъкидланишича, ҳозирга келиб, Россия Қуролли кучлари билан шартнома имзолаган 2 мингдан ортиқ ўзбекистонлик ҳақида маълумотлар мавжуд.
“Тарихда Россия империяси ўз мақсадлари йўлида ўзгалар ҳаётидан фойдаланиб келганига кўплаб мисоллар мавжуд. Аммо бугунги давр айниқса шафқатсиз. Авваллари руслар ўзбекларни арзон ишчи кучи сифатида кўрган бўлса, энди улар “гўшт тўпига” айланган. Ўзбекларнинг Россия жамиятидаги мақоми ўзгармаган: ҳануз “иккинчи тоифа” бўлиб қолмоқда ва Путиннинг империялистик истаклари учун ўлимга юборилмоқда. Ҳар бир имзоланган шартнома – бир ёқлама чипта. Ўзбекистон ҳукумати буни англаб етиши ва ўз фуқаролари ҳаётини ҳимоя қилиб, Россиянинг бу ҳаракатларига нисбатан кескинроқ чоралар кўришига жуда умид қиламиз” дейилади лойиҳанинг Telegram-каналида.
“Хочу жить” маълумотларига кўра, ўзбекистонликлар урушга жалб этилаётган хорижликлар орасида энг кўп учраётган халқ ҳисобланади. Ёдингизда бўлса, лойиҳа апрель ойида урушда иштирок этиш учун Россия Қуролли кучлари билан шартнома имзолаган 1110 нафар Ўзбекистон фуқаросининг исмини эълон қилганди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги эса бу маълумотларнинг ваколатли органлар томонидан текширилишини билдирган. Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги ўзбекистонликлар учун учинчи давлатлар ҳудудида ва улар томонида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида бир неча бор огоҳлантирган. Аммо бундай огоҳлантиришларга қарамасдан шахсий манфаат ёки бошқа мақсадларда ўз ихтиёрига кўра урушга бориш йўлини танлаётганлар-ку майли, аммо туҳмат, зўравонлик ёхуд алданиб қолиш оқибатида ўзи истамаган ҳолда жанг майдонига ташланаётган ва Ўзбекистон ҳукуматидан ёрдам кутиб ёлвораётганлар тақдири-чи? Қора қозонини қайнатиш илинжида мусофирликни гарданига олган ўзбекистонликларнинг оёқости қилинаётган ҳақ-ҳуқуқлари нима бўлади?
Россиядаги мустақил нашр “Вёрстка” хорижликларнинг қандай қилиб урушга ташланаётгани ҳақида эълон қилган мақоласида “нарса ташлаб, туҳмат қилиш билан қамоққа олиш”, “қўрқитиш”, “жисмоний зўравонлик” ва “экстремист деб эълон қилиш” каби усуллардан кенг фойдаланилаётгани ёзилган. Мустақил нашрнинг бундай баёноти ёрдам сўраётган ўзбекистонликларнинг мажбурланиш ҳақидаги иддаолари ростлигини ифодалайди.
Қонунчиликда ёлланиш учун жазо қандай?
Ўзбекистон фуқаролари паспортига унга эгалик қилувчи ҳар бир шахс давлат ҳимоясида экани ёзиб қўйилган ва ҳукумат чет давлатларда қийин вазиятда қолган фуқароларига кўмак беради. Бунга расмий манбаларда эълон қилиб бориладиган хабарлар орқали кўп гувоҳ бўлганмиз. Аммо назаримизда Россия-Украина урушида иштирок этаётган ёки эттирилаётган фуқаролар борасида масала анчагина жиддий тус олади. Аммо инкор этиб бўлмайдики, элчихона ёрдами ёхуд қочиш йўли билан, ёки бўлмаса жангда яраланиб шифохонага тушгач ортга қайтарилаётганлар ва қонунчилик асосида жазога тортилаётганлар ҳам бор.
Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддасига кўра, ёлланиш, яъни низолашаётган давлатнинг фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси ҳисобланмаган ёхуд назорат қилиниб турган низолашаётган давлат ҳудудида доимий яшамайдиган ёки ҳеч қандай давлат томонидан қуролли кучлар таркибида расмий топшириқни бажариш ваколати берилмаган шахснинг моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирон шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиши 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Жиноят кодексининг 154−1-моддасига кўра, Ўзбекистон фуқаросининг чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириши базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, хизматга ёлланиши эса 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
“Россияга борманг...”
QALAMPIR.UZ шу вақтгача бир неча сонлардан иборат “Россияга борманг” рукнида кўрсатувлар тайёрлаб, эълон қилди. Умуман олганда, ижтимоий тармоқлар ҳам россияликларнинг миллатчилик асосидаги номақбул ҳаракатларидан жабрланаётган, махсус кучларнинг ноинсоний муносабатларидан азият чекаётган ўзбекистонликлар акс этган кадрларга тўлиб тошган. Қолаверса, “Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов ва журналист Шерзодхон Қудратхўжа каби бир қанча жамоатчилик фаоллари томонидан ҳам оъзбекистонликлар Россияга бормасликка чақирилган.
Масалан, Қудратхўжа мигрантларга қарши ўтказилаётган рейдлар ва куч ишлатар тузилмаларининг меҳнат муҳожирларига нисбатан қўпол хатти-ҳаракатлари акс этган видеолардан бирига билдирган муносабатида “Россияга борманглар, у ерда сизни уришади, тепишади, ҳақоратлашади”, деган эди.
“Ёшларимизга айтмоқчиманки, йигитлар, қизлар, шу Россияга борманглар, у ерда сизларни уришади, тепишади, ҳақоратлашади. Россияда сизни қадрлашмайди, аксинча, оёқости қилишади. Ваҳоланки, ўзининг халқи қилмайдиган энг оғир ишни сизлар қиляпсизлар, афсуски, эвазига шундай “мукофот” оляпсизлар!”, деб ёзган журналист.
XXI асрда муҳожирларни эмаклатиб, уларни худди қулдек, қўлларини бир-бирининг елкасига қўйдириб, жонли занжирдек қаторлаштириб текшириш инсонийликка зид эмасми? Бу муҳожирларга қилинаётган ғайриинсоний қадриятлар, инсон шаъни ва қадр-қимматини топташ Кремлдаги империалистик тафаккурдаги сиёсатчилар ҳамда вазирлар томонидан сиёсий доирага ҳам кўчирилгани янада ачинарли.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь